Украина МДҲнинг ҳаво макони тўғрисидаги шартномасидан чиқди

Украина президенти Владимир Зеленский «Украинанинг МДҲ доирасида тузилган халқаро шартномалардан чиқиши тўғрисида"ги фармонни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Мамлакат, хусусан, 1991 йил 25 декабрда Минск шаҳрида Озарбайжон, Aрманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина томонидан имзоланган фуқаролик авиацияси ва ҳаво маконидан фойдаланиш тўғрисидаги битимдан чиқмоқда. Ушбу келишувга биноан, имзолаган давлатларнинг ҳаво ҳудуди ягона ҳаво макони сифатида кўриб чиқилади. Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, Украина 1992 йил 15 майда Тошкентда имзоланган ҳаво маконидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномадан чиқади. Ушбу келишувда қатнашувчи давлатлар Ҳамдўстлик қуролли кучлари фаолиятини амалга ошириш учун ўз ҳудудлари бўйлаб ҳаво ҳудудини тақдим этишлари ва уларнинг фаолияти бузилишига ёки асоратланишига олиб келадиган ҳаракатларни амалга оширмасликлари кўрсатилган. Зеленский Украина Ташқи ишлар вазирлигига авиация ва ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича кенгашга мамлакатнинг айтиб ўтилган битимлардан чиққанлиги тўғрисида хабар беришни буюрди. — Газета.uz

Беларусда муҳим товарларнинг нархлари музлатилди

Беларусь ҳукумати озиқ-овқат, товарлар ва муҳим дори-дармонларнинг нархларини музлатиб қўйди. Расмийлар нархлар ҳолатини барқарорлаштириш ва бозорни ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим маҳсулотлар билан тўлдириш мақсадида нархларга чеклов қўйишни қарор қилишди. Гуруч, ун, гречка, буғдой ёрмаси, жўхори уни, арпа, нон, мол гўшти, чўчқа гўшти, товуқ гўшти, баъзи колбаса маҳсулотлари, балиқ, сут ва сут маҳсулотлари, баъзи мевалар ва сабзавотлар, шакар, совун, ҳожатхона қоғози, гугурт ўз ичига олган 62 та ижтимоий аҳамиятга эга товарларга нархлар музлатилган. Шунингдек, дори воситалари рўйхатига 50 та турдаги препаратлар киритилди. Рўйхатдаги товарларни олиб кирадиган ёки сотадиган компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорлар 24−28 февраль кунлари улар учун нархларни белгилаши керак бўлади. 2021 йил 1 мартдан ушбу товарларга нархларнинг ўзгариши ўтган ойнинг охирги кунидаги нархга нисбатан ойига 0,2 фоиздан ошмаслиги керак. Ихтисослаштирилган давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларига давлат томонидан қатъий тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар этишмаслигининг олдини олиш бўйича кўрсатма берилди. — Ҳужжат.

Хитой суди фуқарога уй ишлари учун хотинига пул тўлашни буюрди

Пекин округи суди фуқарога турмуш ўртоғининг турмуши пайтида қилган уй иши учун товон пулини тўлашни буюрди. Aёл беш йиллик ҳақсиз иши учун 50 минг юань (тахминан 7700 доллар) олади. Суд баёнотига кўра, эркак киши 2020 йилда ажрашиш учун ариза берган. Аёл киши унинг эри уй ва болаларни парвариш қилиш учун ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмаганини айтиб, молиявий товон пулини талаб қилди. Суд фуқарога ойлик 2000 юань (тахминан 309 доллар) миқдорида алимент тўлашни ҳамда товон пули сифатида бир марталик 50 минг юань тўлашни буюрди. Илгари ажрашган эр-хотинлар бундай товон пулини фақат никоҳ шартномаси имзоланган тақдирдагина сўрашлари мумкин эди. Эндиликда, янги қонунга биноан, турмуш ўртоғи, агар у болаларни тарбиялаш, кекса қариндошларига ғамхўрлик қилиш ва иш шерикларига ёрдам бериш учун катта масъулият юклаган бўлса, ажрашган тақдирда товон пулини талаб қилишга ҳақлидир. — BBC News.

АҚШ ва Канада 2050 йилга келиб чиқиндиларни нол даражасига етказиш бўйича келишиб олди

AҚШ президенти Жо Байден 23 февраль куни Канада бош вазири Жастин Трюдо билан 2050 йилга келиб чиқиндиларни нол даражасига етказиш устида ишлашга келишиб олганларини айтди. «Биз иқлим амбициялари бўйича юқори даражадаги вазирлар мулоқотини бошлаймиз ва 2050 йилга келиб, чиқадиган чиқиндиларни нолга етказиш бўйича мақсадларимиз тўғрисида келишиб оламиз», деди Байден Канада раҳбари билан икки томонлама учрашувдан кейинги нутқида. Байденнинг энергетика сиёсати олдида турган муаммо AҚШнинг 2050 йилгача чиқиндиларни нолга йўналтириш йўлини белгилашдан иборат, дейилади хабарда. — Интерфакс.

Миллатчилар Украина президентининг идораси олдида митинг уюштиришди

23 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 20:00да украинлик миллатчилар, шу жумладан Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан боғлиқ «Капитуляцияга қаршилик ҳаракати» ассоциацияси вакиллари Киев марказидаги президент идораси олдида тўпландилар. Полиция маълумотларига кўра, митингда 2000 киши қатнашган. Улар Сергей Стерненкони етти йил ва уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган суд қарорига қарши чиқишди. Намойишчилар, хусусан, ҳукмни қайта кўриб чиқишни, уларнинг фикрига кўра судга босим ўтказган бош прокурор Ирина Венедиктованинг истеъфосини талаб қилмоқчи эканликларини айтдилар. Митинг бошланганидан деярли дарҳол миллатчилар Зеленский маъмуриятига бостириб киришга уринишди. Тўқнашувлар натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 27 ходими жароҳат олган. Полиция 24 кишини ҳибсга олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакилига қаршилик кўрсатиш моддаси билан жиноий иш қўзғади. Ҳозирда барча намойишчилар тарқалиб кетган. Хабарда ёзилишича, намойишнинг давоми шанба кунига белгиланган. — ТАСС.

23 февраль куни Одессанинг Приморский суди ҳудуднинг «Ўнг сектори» ҳужайрасининг собиқ раҳбари Сергей Стерненкони одам ўғирлашда айбдор деб топди ва мол-мулкини мусодара қилиш билан етти йил уч ойга озодликдан маҳрум қилди. Судланувчи бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб одам ўғирлашда ва ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топилди.