Австралия ҳукумати ва Facebook онлайн-платформаларда янгиликларнинг жойланиши учун ОАВларга пул тўлашга мажбур қилиб қўювчи қонун лойиҳаси бўйича келишувга эришишди, дея хабар берди РБК.

Бир ҳафта олдин Facebook Австралия ОАВларининг тармоқдаги барча постларини блоклаган эди. Баъзи хатоликларга кўра, хатто Австралия штатлари ҳукуматларига ва тез ёрдам хизматларига тегишли бир нечта аккаунтлар ҳам блокланган эди.

Бунга сабаб Австралия ҳукумати қабул қилишни режалаштираётган «медиа соҳаси иштирокчилари» тўғрисидаги кодекс бўлган эди. Қонун кучга кирган тақдирда, биринчилардан бўлиб Google ва Facebook компаниялари Австралия ОАВларининг платформаларда жойлаган хабарлари учун пул тўлаши лозим қилиб қўйиларди.

Facebook Австралия ҳукуматини бу борада танқид қилди ва компанияга ОАВ хабарларидан тушадиган маблағлар жуда кам эканлигини, аксинча, платформа ОАВларга кўпроқ обуначиларни йиғишда ёрдам бераётганини таъкидлади.

Австралия сенати кодексни қайта кўриб чиқмоқда.