23−24 февраль кунлари Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак финал учрашувлари давом эттирилади. Бугун бўлиб ўтиши режалаштирилаётган ўйинлар олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг нимчорак финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

«Лацио» — «Бавария» (Тошкент вақти билан соат 01:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: Мазкур учрашувга мезбон жамоа «Лацио» яхши кайфиятда етиб келди. Италия А Серияси доирасидаги 23-тур учрашувида ўз майдонида «Сампдория»ни минимал ҳисобда мағлубиятга учратди. «Бавария» эса Бундеслиганинг сўнгги 2 ўйинида атиги 1 очко ишлади. 21-турда ўз майдонида «Арминия» билан 3:3 ҳисобида жанговар дуранг ўйнаган жамоа, 22-турда эса меҳмонда «Айнтрахт Ф» жамоасига мағлуб бўлди. Мазкур баҳс сўнгги учрашувини ўз майдонида ўтказган «Лацио»нинг уйида бўлиб ўтади. Мюнхенликлар эса яна сафар ўйинини ўтказади.

Нимчорак финалга қандай етиб келишди?

Италиянинг «Лацио» жамоаси ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида ўз иштирокини Fгуруҳда бошлади. Жамоа у ерда Германиянинг «Боруссия Дортмунд», Белгиянинг «Брюгге» ҳамда Россиянинг «Зенит» жамоалари билан биргаликда қатнашди. Мазкур жамоаларга қарши иккитадан, жами 6 та ўйин ўтказгач 2 ғалаба, 4 дуранг қайд этиб, 10 очко билан гуруҳда 2-ўринни банд этди.

«Бавария» ўз иштирокини А гуруҳда бошлади. Германияликлар ушбу гуруҳда «Атлетико Мадрид», Зальцбург" ҳамда «Локомотив Москва» жамоалари билан кураш олиб борди ҳамда 16 очко билан гуруҳдан пешқадам сифатида нимчорак финалга йўл олди.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Танги Куасси, Томас Мюллер, Леон Горецка, Серж Гнабри, Александр Нюбель, Корентин Толиссо, Бенжамен Павар, Дуглас Коста («Бавария»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«Лацио» сафида айни вақтда энг яхши ўйинлар намойиш этаётган футболчилар Чиро Иммобиле ҳамда Луис Aльберто. Aльберто ярим ҳимоячи бўлишига қарамай ушбу мавсумда 7 гол муаллифига айланган. У 20 та учрашувда майдонга тушган ва жами майдонда 1556 дақиқа ҳаракат қилган. Иммобиле эса 14 гол муаллифига айланиб улгурган. Улардан 3 тасини пеналтидан киритган. 21 учрашувда майдонга тушган футболчи жами 1695 дақиқа ҳаракат қилган.

«Бавария» сафида эса Роберт Левандовски ҳамда Томас Мюллер мавсумда яхши натижа қайд этаётган футболчилардан. Польшалик футболчи 21 ўйинда майдонга тушиб, 26 гол муаллифи бўлган. Мюллер эса, 20 ўйинда 10 та гол уришга муваффақ бўлди. Эслатиб ўтамиз, бугунги учрашувни Томас Мюллер жароҳат сабаб ўтказиб юборади.

«Атлетико Мадрид» — «Челси» (Тошкент вақти билан соат 01:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: Мазкур жамоаларнинг иккиси ҳам сўнгги ўйинларида ғалаба қозона олишмади. 20 февраль куни Мадрид жамоаси Испания чемпионатининг 24-тур доирасида «Леванте»ни ўз майдонида қабул қилиб 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди. «Челси» эса ўтган ҳафта шанба куни «Саутгэмптон» меҳмони бўлиб 1:1 га рози бўлган эди.

Нимчорак финалга қандай етиб келишди?

«Атлетико Мадрид» ЕЧЛ гуруҳ босқичида А гуруҳда иштирок этганди. У ерда 6 ўйиндан сўнг, 2 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият эвазига 9 очко билан «Бавария»дан кейинги 2-ўринни банд этди.

«Челси» эса Е гуруҳида пешқадам ҳолда нимчорак финалга қадар кела олди. «Севилья», «Краснодар», «Ренн» каби жамоалар билан бир гуруҳда бўлган лондонликлар 4 ғалаба ва 2 дурангни қўлга киритиб, 14 очко билан 1-ўринни банд этди.

Ўзаро ўйинлар: «Атлетико Мадрид» — «Челси» жамоалари ўзаро 7 маротабада ўйнашган. Уларнинг 6 таси айнан Чемпионлар лигаси доирасида. Ушбу ўйинларнинг 2 тасида «Атлетико Мадрид», яна 2 таси «Челси» ғалаба қозонган бўлса, 3 та ўйинда дуранг натижаси қайд этилган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Эктор Эрера, Янник Карраско, Шиме Врсалько («Атлетико Мадрид»). Кристиан Пулишич, Тьяго Силва, Кай Хаверц («Челси»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«Aтлетико Мадрид» сафида ўтган йилнинг ёзида «Барселона» жамоасидан ўтган Луис Суарес ўзининг голеадорлиги билан етакчиликни қўлга олган. Футболчи 20 учрашувда 16 та гол урган. Шунингдек, Мадриднинг бошқа бир жамоаси — «Реал Мадрид»дан трансфер қилинган Маркос Льоренте ҳам яхши ҳаракат қилмоқда. У 23 ўйинда майдонга чиқиб рақиблар дарвозасига 8 бор йўл топа олди.

«Челси»да мураббий алмашди. Футболчиларнинг ҳаракатлари ҳам ўзгариши табиий, албатта. Бу мавсум лондонликлар сафида ўзининг ёрқин ўйинини кўрсатаётган футболчи Жоржиньо айни вақтга келиб 17 ўйинда иштирок этган ҳамда 5 гол муаллифи бўлган. Қизиғи, буларнинг барчаси пеналтидан. Шунингдек, у 1 та голли узатмани ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Яна бир футболчи — Мэйсон Маунт. У бу мавсумда 24 учрашувда майдонга тушди ҳамда 4 гол ва 3 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчи майдонда жами 1957 дақиқа ҳаракат қилди.