Spotify мусиқий стриминг хизмати 85 та янги мамлакатга кириб келишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда компаниянинг баёнотига асосланиб, Spot хабар берди. Хизматга, шунингдек, 36 та янги тил қўшилиши кутилмоқда.

Хабарга кўра, бу яқин бир неча кун ичида амалга ошади.

Spotify кириб келиши кутилаётган янги мамлакатларда ҳам бепул, ҳам пуллик тариф режалари асосида хизматдан фойдаланиш мумкин бўлади. Баъзи мамлакатларда эса оилавий, икки киши учун ёки талабалар учун тариф режалари ҳам йўлга қўйилади.

Spotify Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга тўлиқ глобал каталогни тақдим этади. Компания, шунингдек, каталогни кенгайтириш, маҳаллий муаллифлар ва уларнинг композициялари билан тўлдириш мақсадида маҳаллий ҳамкорлар билан ишлашни ҳам режалаштирмоқда.

Spotify бу швецияликлар томонидан яратилган мусиқий сервис бўлиб, унинг хизматлари ҳозирда 120 та мамлакат учун очиқ. Ушбу хизмат каталогида 50 миллиондан ортиқ мусиқа ва қўшиқлар, 4 миллиарддан ортиқ плейлистлар мавжуд. Бу турдаги бошқа сервислардан фарқи Spotify ўзининг мусиқалар тавсияси бўйича чуқур тизими билан машҳур.