Ҳафта охирига қадар Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Совуқ циклонда экинлар ва дарахтларни сақлаш бўйича тавсиялар ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Нигора Хўжаева маълумот берди.

Ушбу шароитда, мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш мумкин. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25−1,5 м ҳамда баландлиги 0,5−0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш керак бўлади, дейилади баёнотда.

Дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100−200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво хароратини кузатиш лозим.

Ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш, бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатиш керак. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

Шунингдек, эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш керак бўлади.

Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш мумкин.

Иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини парникда тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш лозим.

Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга -2−3°С ҳаво сезиларли даражада таъсир этмаслиги айтиб ўтилди.