Грузия парламенти янги ҳукуматни тасдиқлади

22 февраль куни Грузия парламенти Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги янги ҳукуматни тасдиқлади, шунингдек, унинг таркибига икки нафар вазир — мудофаа вазири Жуаншер Бурчуладзе ва минтақавий ривожланиш бўйича вазир Ираклий Карселадзе қўшилди. Мамлакат собиқ бош вазири Георгий Гахария 18 февраль куни мухолифатдаги Бирлашган Миллий Ҳаракат БМҲ партияси етакчиси Никанор Мелияни ҳибсга олиш тўғрисидаги суд қарорининг бажарилмаслиги муносабати билан ўз лавозимини тарк этишини маълум қилган эди.

23 февраль куни Мелия Тбилисидаги офисида ҳибсга олинди. Ҳибсга олиш ҳолатидан сўнг, юзлаб мухолифат вакиллари Тбилисидаги давлат девонхонаси биноси олдида норозилик намойишини ўтказмоқда ва расмийлардан БҲМ партияси раҳбарини зудлик билан озод қилишни талаб қилишмоқда. Митингда сўз олган мухолифат раҳбарлари, шунингдек, барча сиёсий маҳбусларни озод этишни ва янги парламент сайловларини тайинлашни талаб қилишди.

Шундан сўнг, намойишчилар давлат девонхонаси идораси олдидаги майдондан парламент биносига кўчиб ўтдилар ва қўшни ҳудудга чодирлар ўрнатдилар. «Биз бу ерда чодирлар ўрнатамиз ва намойишчилар сони кўпаяди. Чодирларни ўрнатиш бу рамзий маънога эга. Биз учун қатъийликни кўрсатиш жуда муҳимдир», деди мухолифат партияси раҳбарларидан бири Хатия Деканоидзе журналистларга.

Германия ҳарбий разведкаси 2020 йилда Бундесверда 477 та ўнг қанот экстремизм ҳолатини аниқлади

Германия ҳарбий контрразведка хизмати ўтган йили Бундесверда (мамлакат қуролли кучлари) 477 та ўнг қанот экстремизм ва ирқчилик ҳолатларини аниқлади, бу 2019 йилга нисбатан 114 тага кўпдир. Бу ҳақда Германия Бундестагидаги қуролли кучлар учун ваколатли Ева Хёгл маълум қилди. 2019 йилда Германия Қуролли кучларида 363 та ўнг қанот экстремизм ҳолати аниқланган эди. Хёглнинг сўзларига кўра, бу ўсиш ушбу ҳодисага қарши курашиш учун фавқулодда эҳтиёж борлигини кўрсатади. «Тергов, санкциялар ва профилактика чоралари зарур. Изчил, кенг қамровли ва тезкор равишда. Бу бутун жамият, шу жумладан, Бундесвер учун узоқ муддатли вазифа», деди ҳукумат вакили. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, 2020 йилда Бундесверда исломийликни намоён этиш ҳолатлари сони 2019 йил 77тадан 2020 йилда 31тага камайди. — ТАСС.

Ўнг қанотли экстремизм ирқчилик ва миллатчилик мафкурасини ўз ичига олади. Унинг вакиллари этник ёки ирқий устуворликни тарғиб қиладилар. Германияда ўнг қанот экстремистик мафкура ва унинг намоён бўлиш шакллари бир хил эмас. Булар — тоталитар давлатни шакллантиришни тарғиб қилувчи неонацистлар гуруҳлари, скинхедлар, шунингдек, сайловларда қатнашиш орқали ўзларининг мавжудлигини қонунийлаштиришга уринаётган сиёсий партиялардир.

Бир гуруҳ АҚШ фуқаролари томонидан Саудия Aрабистони ҳукуматига қарши судга даъво аризаси берилди

2019 йил декабрь ойида Флорида штатидаги авиабазада отишма пайтида вафот этган америкаликларнинг оилалари 22 февраль куни Саудия Aрабистони ҳукуматига қарши судга мурожаат қилишди. 2019 йил 6 декабрда Саудия Aрабистони аскари Муҳаммад ал-Шамрани Флоридадаги Пенсакола авиабазасида отишма содир этган, уч кишини ўлдирган ва саккиз кишини яралаган эди. Воқеа жойига келган полиция ходими уни отиб ўлдирган. Даъвогарлар сифатида вафот этган ва яраланган аскарларнинг ота-оналари чиқишди. Уларнинг таъкидлашича, қироллик маъмурлари ал-Шамранининг ал-Қоида террорчилик тармоғи билан алоқалари тўғрисида хабардор бўлган. Даъво баёнотида таъкидланишича, аш-Шамрани базадаги бошқа саудиялик аскарларга ўт очишини маълум қилган, аммо улар хеч қандай чора кўришмаган. Шунингдек, бошқа аскарлар унинг ноқонуний равишда ўқотар қурол сотиб олгани ва сақлаганидан хабардор бўлишган. — The Wall Street Journal.

Илон Маск бир кунда 15 млрд долларни йўқотиб, дунёдаги энг бой одам унвонидан маҳрум бўлди

Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рейтингида Tesla Inc. акцияларнинг нархи 8,6 фоизга камайганидан сўнг биринчиликни йўқотди. Bloomberg’нинг таъкидлашича, тадбиркорнинг бойлиги 15,2 млрд долларга камайган. Нашр Tesla акцияларининг пасайишига Маскнинг биткоин нархига изоҳи сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Ишбилармон аввалроқ Twitter’да криптовалюталар — биткоин ва эфириум (Ether) нархларини «сал юқори» деб билишини ёзган эди. Маск бундай изоҳни Tesla биткоинларни 1,5 млрд долларга сотиб олиш тўғрисида эълон қилганидан икки ҳафта ўтиб қолдирди. Шундай қилиб, Маск Bloomberg маълумотларига кўра дунёдаги энг бой одамлар рўйхатидаги иккинчи қаторга 183,4 млрд долларлик бойлиги билан тушиб кетди (январь ойида 210 млрд долларга баҳоланган). Amazon асосчиси Жефф Безос 186,3 млрд доллар билан етакчига айланди. — Bloomberg.

АҚШ Исроилга қарши ҳар қандай бир томонлама ҳаракатларга қарши бўлишини айтди

AҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроил ташқи ишлар вазири Габи Aшкенази билан телефон орқали суҳбатда Вашингтон Исроилга қарши олиб борилиши мумкин бўлган бир томонлама ҳаракатларга қарши чиқишини маълум қилди. «Давлат котиби АҚШ дунё миқёсида Исроилга қарши адолатсиз бир томонлама ҳаракатларнинг олдини олишга содиқ қолаётганига эътибор қаратди», — дейилади матнда. Блинкен президент Жо Байден маъмурияти Фаластин-Исроил можаросини икки халқ учун икки давлат концепциясига асосланиб ҳал қилиш йўлини маъқуллашини таъкидлади. — ТАСС.

Мьянмада минглаб одамлар кўчаларга чиқишди

Мьянманинг энг йирик шаҳри Янгонда минглаб одамлар кўчаларга чиқишди. Мамлакат пойтахти Нейпьидода кўпчилик 19 февраль куни ой бошида намойиш пайтида вафот этган 20 ёшли қизнинг дафн маросимида қатнашди. «Бундай вазиятда биз манипуляция қилишга ҳаракат қилишимиз керак, ҳатто ғазаблансак ҳам, ғазаб билан жавоб бермаслигимиз керак. Биз зўравонлик ишлатмаслик ҳақида гапираяпмиз ва ҳатто куч ишлатмоқчи бўлсам ҳам, буни ҳеч қачон қилмайман. Фуқаролик итоатсизлиги ҳаракати — биз ишлатишимиз керак бўлган ягона қурол. Ва бугун биз бундай акцияни ўтказмоқдамиз, агар керак бўлса, уни эртага ва бошқа кунларда ўтказамиз», дейди намойишчиларнинг бири. Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайда 20 февраль куни намойишчиларни тарқатиш пайтида камида икки киши ҳалок бўлди ва бир неча киши яраланди. ОAВ маълумотларига кўра, полиция ва ҳарбийлар уларга ўқ узишган. Шунингдек, намойишлар туфайли мамлакатда интернетга кириш имконияти вақтинчалик мавжуд эмас. — Euronews.