23 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар парламент фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Унда қуйи палата спикерининг рақамли ривожланиш ва ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари лавозими таъсис этилган. Депутатлар мазкур лавозимга Одилжон Тожиевни сайлади.

Таъкидланишича, мазкур масала 2 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларга бевосита боғлиқ.

Спикернинг янги ўринбосари давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ишларини мувофиқлаштириш, парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга масъул бўлади.

Шунингдек, у Қонунчилик палатаси ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан амалга оширилаётган ахборот-таҳлил фаолиятига оид ишларни мувофиқлаштириб боради.

Депутат Одилжон Тожиев бундан аввал, «Миллий тикланиш» фракцияси раҳбарининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган.