Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида қатнашди.

Давлат раҳбари нутқи президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди, қолаверса, Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши телерадиоканаллар орқали ҳам тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди.

Президент мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига тўхталиб ўтди.

Биринчидан. Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

«2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган „ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик“ тамойили асосида амалга оширилади. Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчидан. «Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз», — дея қайд этди президент.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан. Алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади.

«Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Биз имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этамиз», деди давлат раҳбари.

Тўртинчидан. Аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда, дея таъкидлади президент, эслатиб ўтамиз, жорий йил Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинди.

Ўзбекистон бу йили БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказишга, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этишга, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрмоқда.

Бешинчидан. «Биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик. Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди», — деди Ўзбекистон президенти.

«2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қиламиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Олтинчидан. Давлат раҳбари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этди. Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўзининг ҳиссасини қўшмоқчи.

Еттинчидан. «Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз», — деди президент.

«Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади», — дея эълон қилди Шавкат Мирзиёев.

«Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз», — деди давлат раҳбари. У шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилаётганини ҳам маълум қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсиялари алоҳида эътиборга олинганини қайд этди.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз. Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қолаверса, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколи ратификация қилиниши айтилди. Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади».

«Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз. Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарорни қабул қиламиз», — деди президент.

Президент шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа — Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрлигини билдирди.