18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, «Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга киритилиши режалаштирилаётган ўзгартишлар борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашган эди.

Аввалроқ «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик, оммавий тартибсизликлар ва фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатишга даъват қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш борасидаги қонун лойиҳасини эълон қилган эди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган.

«Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунда веб-сайтнинг эгалари ва блогерларга оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатишни тақиқлаш тавсия қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 февраль куни қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. Парламент қуйи палатасининг хабарида, сўнгги вақтларда веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли, бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Қолаверса, бундай шахсларнинг ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳуқуқий маданияти шаклланмагани келажакда улар томонидан қонун талабларини бузиб, мамлакатнинг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш эҳтимолини оширади», дейилган хабарда.

Алишер Қодировнинг фикрича, «эркин сўз қанчалар эркин бўлмасин жамиятнинг хотиржам ривожланишига халақит бермаслиги керак».

«Тартибсизликларга чақириш, халқнинг кўп қисми ишонч билдирган ҳокимиятга эътирозини қонунга зид шаклда билдириш бутун дунёда жазоланади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «хабарсиз ва норози озчиликни сиёсий босим қуролига айлантиришни ўрганиб олган рақиб одатдагидек „сўз эркинлигига таҳдид“ билан юриш қилмоқда».

Депутат «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистонда тинч-хотиржам, эмин-эркин ва демократик ривожланишга хизмат қилади, деган фикрда.

«Бошқариладиган бебошликни мақсад қилган, халқ хотиржамлиги, манфаатлари ва эркин сўзнинг қадрига тупуриб, уларни ғаразли ўйинларида ўйинчоқ қилиб олган бузғунчиларнинг қўлини боғлайди. Ҳеч ким танқидга, тўғри сўзга, эркин фикрни баралла айтишга қарши эмас. Эркин сўз ақл, фаросат ва журъат талаб қилади. Ҳақ сўзни гапираётган одам номини яширмайди, бировнинг ортига беркиниб бақирмайди», дея таъкидлади Қодиров.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари фикрича, эркин сўздан энг катта фойда — жамият зарарига ишлаётган хатоларни кўрсатиб, уни бартараф этиш йўлини таклиф қилишда.

«Халқ ишончи билан ваколатга эга бўлган ҳокимиятга қарши курашишга чақирадиган сўз қачон ва қандай ҳокимиятга қарши бўлишидан қатъий назар ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши ва жазоланиши зарур», — деди Алишер Қодиров.

Legalmax юридик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори Муҳаммадали Маҳмудов 19 февраль куни қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш биринчи навбатда блогерлар ва фаол фуқаролик позициясига эга шахсларнинг фаолиятини тартибга солишга йўналтирилганини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, қонунчиликда блогерлар тушунчаси йўқлигига аниқлик киритиб олиш муҳим, бунга қонун чиқарувчилар эътибор бериши керак. Улар ҳақида фақатгина «Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунда тилга олинган — «блогер веб-сайт ва веб-саҳифага эгалик қилувчи шахсдир». (Асл кўринишида: блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс).

«Аммо ҳозирги вазият умуман бошқача. Телеграм, жонли журнал ёки бошқа интернет-майдончалари орқали янгиликларни тарқатиш ахборотлаштириш тўғрисидаги қонун билан тартибга солинадиган соҳадан анча чиқиб кетган. Шу сабабли киритилиши режалаштирилаётган яхшилаб ўйланмаган ўзгартиришлар ҳали қабул қилинмасидан эскирган ҳисобланади. Бунинг устига эскирган ўзгартиришлар эскирган қонунга киритилмоқда», — дейди у.

Муҳаммадали Маҳмудов қонунчилар чиқарувчиларни оқибатларга бевосита боғлиқ бўлган «концептуал асослар»ни тўғри аниқлаб олишга чиқарди.

«Мисол учун, Россияда соҳани тартибга солишга уринишлар бўлди. У ерда блогер — 3000−5000 кишилик ўз аудиториясига эга бўлган шахс эканлигини белгиловчи махсус қонун мавжуд эди. Улар муайян тартибга бўйсунишган. Бу хаттоки, Россияда ҳам ўхшамади. Биз ҳам ушбу масалада Россияга ўхшаб шу йўлдан бораяпмиз, афсуски. Агар бу ҳозиргидек ўйланмасдан амалга оширилса, бунинг оқибатлари бизнинг фуқаролик жамиятимиз учун жуда ноқулай тус олиши мумкин», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ, адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларни ташкил этиш СССР Олий Кенгаши Президиуми фармони билан тартибга солиниши ҳақидаги маълумотларни рад этди. Шунга қарамасдан у бу борада қонунбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд бўлса-да, митингларни ташкил этиш тартиби белгиланмаганини тан олди.