Фармацевтика техник университети Тошкент вилояти Қибрай туманида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери доирасида ташкил этилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Университет дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлайди.

Бундан ташқари, кластер ўз ичига қуйидаги вазифаларни олади:

  • инновацион ечимларни жорий этиш орқали фармацевтика саноатини ривожлантириш;
  • ихтисослаштирилган таълим инфратузилмасини яратиш;
  • инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш;
  • халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш;
  • хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва илмий марказлари билан алоқаларни ривожлантириш.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Кластер дирекцияси ташкил этилди. Ҳужжат билан давлат муассасасининг таркиби, ходимлар сони тасдиқланади.

Дирекция лойиҳанинг ижро этувчи органи, шунингдек қурилаётган объектлар учун асбоб-ускуналар, товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилиш учун жавобгар ҳисобланади.