Хоразм вилоятининг Шовот тумани Шовот маҳалласида жойлашган «Ортиқ ота» чойхонасининг ошхонасида беш кишилик оила ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 20 февраль куни соат 17:40 ларда содир бўлган. Чойхона эгаси К.О., унинг турмуш ўртоғи И.С. ҳамда фарзандлари З.О., О.О., ва Х.О. газ ўчоғидан газ сизиб чиқиши натижасида ис газидан заҳарланган.

Натижада К.О., турмуш ўртоғи И.С. ва фарзанди Х.О. ҳодиса жойида вафот этишган, икки нафар фарзанди З.О., ва О.О. кучли заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Хоразмнинг Боғот туманида 4 кишилик оила ис газидан заҳарланган, оқибатда 31 ёшли аёл ва унинг 10 ёшли қизи вафот этган эди.