4-сон шаҳар клиник шифохонасида вафот этган 52 ёшли беморнинг фарзандлари шифокорларни дўппослаган, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, 19 февраль тунги соат 23:13 да тез тиббий ёрдамга Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги хонадонларнинг биридан чақириқ тушган. Тез тиббий ёрдам бригадаси чақирув жойига соат 23:25 да етиб бориб, хонадондаги бемор тезкор тиббий кўрикдан ўтказилган ва 23:40 да беморнинг аҳволи ўта оғир бўлганлиги учун зудлик билан И.Эргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилган.

Муассаса бош шифокори Б. Мамаджоновнинг маълум қилишича, шифохонада 52 ёшли бемор Д. Н.га «Гипертония касаллиги. Гипертоник криз. Ўпка шиши ва агонал ҳолат» ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.

«У пайтда беморнинг ҳолати оғир бўлиб, кўз қорачиғи кенгайган, фотореакция аниқланмаган, нафас активлиги кузатилмаган ҳолатда бўлган, уйқу артериясида ҳам пульсни аниқлаб бўлмаган ва шу тариқа беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган. Беморга сунъий нафас юбориш, юракни бевосита массаж қилиш, дефибриллятор орқали таъсир қилиш ва бошқа муолажалар қилиниб, юрак ва нафас реанимацияси 30 дақиқа давомида 3 марта қайта ўтказилган. Стандартлар бўйича амалга оширилган тезкор муолажаларга қарамасдан, беморда биологик ўлим қайд этилган», — дейилади хабарда

ССВнинг хабарига кўра, беморнинг вафоти маълум қилинганидан сўнг, унинг фарзандлари томонидан навбатчи шифокорлар дўппосланган.


Бунинг оқибатида шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг шифокори, 32 ёшли Д. У. «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шок 1,2-даража» ташхиси билан, яна бир тез тиббий ёрдам хизмат ходими, 21 ёшли А. А. «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши, кўкрак қафаси соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси билан мазкур шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган.

20 февраль куни жабрланган тиббиёт ходимларининг аҳволи оғир бўлганлиги сабаб, махсус жарроҳлик амалиётига тиббий кўрсатма борлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллади. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралди.