Яшнобод туманидаги шифохонада вафот этган беморнинг ўлимидан сўнг, унинг фарзандлари шифокорларни дўппослагани ва ССВ ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, 18 февраль куни тахминан соат 23:50 ларда Яшнобод туманидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасидаги изолятор хонасида 28 ёшли Ф.М. шахси аниқлаштирилаётган икки нафар танишлари билан Тез тиббий ёрдам бўлими 3-сонли подстанция шифокори 31 ёшли Д.У. ва фельдшер 20 ёшли А. А.га тан жароҳати етказган.

«Содир этилган жиноятнинг сабаби ўрганилганда, Ф.М. шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли онаси Д.Н.нинг ўлими юз берган деган фикрда бўлганлиги аниқланган. Марҳум Д.Н. юқорида қайд этилган касалхонага тез тиббий ёрдам машинасида клиник ўлим ҳолатида олиб келинган», — дейилади хабарда.

Воқеа натижасида иккала тиббиёт ходимлари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.