16 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 августда, Сенат томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган.

Қонунга кўра, арбитраж доимий арбитраж муассасаси ёки муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этиладиган арбитраж суди томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, низони ҳал этиш тартиби сифатида белгиланади. Арбитр — низони ҳал қилиш учун томонлар томонидан келишилган тартибда тайинланган жисмоний шахсдир.

Арбитраж келишуви — тарафларнинг шартномавий хусусиятга эгалигидан ёки эга эмаслигидан қатъи назар, бирор-бир аниқ ҳуқуқий муносабат билан боғлиқ бўлган, улар ўртасида юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган барча ёки муайян низоларни арбитражга топшириш тўғрисидаги келишуви арбитраж келишуви ҳисобланади. Арбитраж келишуви ёзма шаклда тузилади.

Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади. Арбитр фақат унинг холислиги ёки мустақиллиги борасида асосли шубҳалар келтириб чиқарувчи ҳолатлар мавжуд бўлган ёки у тарафлар келишувида белгиланган талабларга мос келмаган тақдирда рад этилиши мумкин. Арбитр юридик жиҳатдан ёки амалда ўз вазифаларини бажара олмай қолса ёхуд бошқа сабабларга кўра асоссиз кечикиш туфайли уларни амалга оширишга киришмаса, агар арбитр тайинланишни рад этса ёки тарафлар бундай тугатиш борасида келишиб олса, унинг ваколатлари тугатилади.

Тарафлар арбитраж жойи тўғрисида ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин. Бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда, арбитраж жойи арбитраж суди томонидан иш ҳолатларини, шу жумладан тарафлар учун қулайлик омилини инобатга олган ҳолда белгиланади. Тарафлар арбитраж муҳокамасида фойдаланиладиган тил ёки тиллар тўғрисида ўз хоҳишларига кўра келишиб олиши мумкин.

Тарафлар ўз ишларини арбитраж муҳокамасида тўғридан-тўғри ёки тарафлар хоҳишига кўра, шу жумладан хорижий ташкилотлар ва фуқаролар орасидан тайинланадиган ваколатли вакиллари орқали олиб боришлари мумкин.

ир нафардан ортиқ арбитр томонидан арбитраж муҳокамасини ўтказишда, агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж судининг ҳар қандай ҳал қилув қарори арбитраж суди барча аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Агар арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафлар низони ҳал қилса, арбитраж суди муҳокамани тугатади ва тарафларнинг илтимосига кўра ва, агар арбитраж суди томонидан эътирозлар мавжуд бўлмаса, ушбу ҳал қилишни келишилган шартлар асосидаги арбитраж ҳал қилув қарори тарзида қайд этади.

Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга шикоят қилиш фақат уни бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда ижро этилади.

Қонун расмий эълон қилинганидан 6 ой ўтгач кучга киради.