Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлаб, коронавирус пандемияси ҳамда аҳолини эмлаш масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Коронавирус пайтида қийналдик. Лекин мен 2020 йил 15 март куни айтувдимки, шу шароитда ишлашга, яшашга ўрганишимиз керак. Ҳудо хоҳласа бундай вабодан қудратли бўлиб чиқамиз. Ҳозир ҳам ҳаммамизни орамизда юрибди у. У билан касал бўлиш азоб. Касал бўлмаганлар илоҳим касал бўлмасин, лекин бу азобни сезиш керак, иложи бўлса олдини олиб, ўзларингни хавфсизликларингни таъминлаб, тиббиёт ходимлари айтган нарсаларни қилиш шарт, мажбурмиз ҳали», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Европа, Хитой ва Россиядаги ҳамкорларидан вакцина ҳарид қилиш бўйича чораларни кўрмоқда.

«Мана, эмлаш тўғрисида кўп-кўп гаплар бўляпти. Албатта, биз ҳам Европа, Хитой, Россиядаги ҳамкорларимиз билан вакцина бўйича кўп ишлаяпмиз. Ҳамкорлик қилиб, албатта, олиб келамиз. Эмлаш чораларини, албатта, кўраяпмиз. Уни ҳам шошилиб қилиш мумкин эмас. Мен ҳозир ўзим ҳар ҳафтада 2−3 кун ўтираман: қайси вакцина энг маъқули?», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев вакцина харид қилиш учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира қилиб қўйилганини маълум қилди.

«Унинг (вакцинанинг — таҳр.) энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз. Ота-бобомиз айтганидек, етти марта эмас, ўн марта ўлчаб, бир марта кесамиз. Халқимизнинг саломатлигини ўйлаш мен учун энг катта масалалардан бири. Синовларни ўтказяпмиз. Қайси синов маъқул бўлса, пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда бу вакцинани албатта етказиб, олиб келамиз. Ҳали биз карантин нормаларига жуда катта эътибор бериб, зийрак бўлиб юришга мажбурмиз», — дея таъкидлади президент.

Аввалроқ, давлат раҳбари Ўзбекистон биринчи босқичда харид қилаётган 1 млн вакцинадан тенг ярмини Алишер Усмонов ўз ҳисобидан олиб беришни таклиф қилаётгани ҳақида айтган эди.

Бунга қадар, «Газета.uz» биринчи галда коронавирусга қарши 65 ёшдан ошган қариялар, сурункали касалликлари бор шахслар, мактаб ўқувчилари, тиббиёт ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари эмланишини маълум қилганди.