Самарқанд вилояти депутатларига камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларига йўналтириш учун 50 млн сўмдан пул ажратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йиғилишда маълум қилди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қарорга кўра, Самарқанд вилоят халқ депутатлари кенгаши аъзоларига жами 3 млрд сўм ажратилади. Ҳар бир вилоят Кенгаши депутати (жами 60 нафар) 50 млн сўм маблағни аҳоли муаммоларини ечишга йўналтиради. Маблағлар вилоятнинг «Саҳоват ва кўмак» жамғармасида тўпланади.

Бундан ташқари, ҳар бир депутат ўз округидаги 10 нафардан камбағал оила рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича ишларни назоратга олади.

Вилоятдаги 16 минг камбағал оила билан тизимли иш олиб борилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, Самарқанд вилояти аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш учун 10 миллиард сўм ажратилади.

Олдинроқ, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун 2 млрд сўмдан ажратилиши ҳақида хабар берган эдик.