Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов 20 февраль куни «Бунёдкор» маҳалласи аҳолиси билан учрашув чоғида мазкур ҳудуддаги муаммолар ўз ечимини топмагунича шу ерда яшашини маълум қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнайди ва унга „вилоят ҳокимининг уйи“ деб ёзиб қўйилади. Бу ердаги ҳолатни ўнглаб, кейин бошқа ҳолати оғир ҳудудга ўтамиз», — деди Шавкат Абдуразоқов.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги.

Шанба куни эрта тонгдан ушбу маҳаллага юзлаб ишчи-ходим ва ҳашарчилар жалб этилди. Шаҳарнинг чекка ҳудудида ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Узоқ йиллар давомида фойдаланилган чиқиндихона ёпилади, маҳалла идораси эса қайтадан қурилади. Муҳими маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.

«Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши яшайдиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади», — деди вилоят етакчиси.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» 19 февраль куни президент кутилмаганда кортеж маршрутини ўзгартиргани ва Наманган шаҳрининг чанг ва ўнқир-чўнқир йўлларида юриб, «Бунёдкор» маҳалласида етганда тўхтагани ҳақида ёзган эдик. «Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган. Маҳалла идорасининг ўзи ҳам ҳароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президент Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаев ва ушбу маҳаллага масъул сектор раҳбари бўлган шаҳар прокурори Баҳромжон Йўлдошевга «Бу сизнинг юзингиз», дея танбеҳ берганди.

Бунга қадар, Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент раҳбарларга аҳоли муаммоларини ўрганиб, ҳал этиши учун уларнинг уйида яшашини айтган эди. «Ўша уйда ётасизлар, ишини қилиб, кейин чиқиб кетасизлар», — дея таъкидлади президент.