Ўзбекистон журналистлари илк бор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга савол бериш имкониятига эга бўлди. Бу давлат раҳбарининг 18 февраль куни Наманган вилоятига сафари доирасида содир бўлди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Президент ОАВни тўртинчи эмас, балки биринчи ҳокимият деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Авваллари сизларга бош вазирмас, ўринбосарлари ҳам эмас, қабулхонасидагилар ҳам салом беришга салгина оғринарди, саломлашгиси келмасди. Ҳозир замонамизнинг зайли билан, жамиятимиздаги ўзгаришлар билан, халқимизнинг талаби билан, халқимиз онгининг ўсиб бориши нуқтаи назаридан, халқимиз эмин-эркин яшаши нуқтаи назаридан сизлар ҳам ўсаяпсизлар, шу билан бирга, сизлар давлат идоралари раҳбарларини ўстираяпсизлар», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев журналистлардан нима гаплар уларни қийнаётганини сўради. «Микрофон кўтарган аёл» блоги муаллифи Азиза Қурбонова давлат раҳбаридан президентдан қандай режалар билан келганини сўради.

«Бу ҳаётий савол. Ўтган йили июнь ойида келиб-кетганимизан кейин, албатта, Наманганда жуда катта дастурлар қабул қилганмиз. Биринчи навбатда ушбу дастурларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилганини, қайси соҳа, қайси тармоқ раҳбари ушбу қабул қилинган қарорлар бўйича қандай натижаларга эришди? Одамлар розими ёки норозими?» — деб сўради давлат раҳбари.

Президент Фарғона вилоятига ташрифи вақтида Наманган вилоятини бошқарган Ҳайрулла Бозоров Фарғона вилоятига ҳоким этиб тайинланганини эслаб ўтди.

«Албатта, иккинчи савол турибди: Наманган нима бўлади? Наманган халқи ҳам кутиб ўтирибди бизга ҳам ҳоким керак, бизга ҳам раҳбар тайинланг, дейишади. Шунинг учун энг катта мақсад сессия ўтказиш. Беш ой синаган раҳбарни одамлар билан мулоқот қилиш, одамлар таниб, мавжуд муаммоларни аниқ, равшан билган одамни Наманганга ҳоким қилишимиз керак. Мақсадим, эртага халқ депутатлари билан (сессия ўтказиш)… Мана, менга партия фракциялари йиғилишлари натижаларини айтишди. Уларнинг таклифларини айтишди. Албатта, уларнинг барчасини мен кўриб чиқаман. Аввалги анъаналардан келиб чиқиб, бутун туманларнинг депутатлари, фаоллари… Бутун Наманган эли эртага президент кимни тавсия қилишини билиши керак. У одам ким? Наманганнинг сувини, Наманганнинг чанг кўчаларини, иссиқлик берилмаган уйларини биладими-йўқми, деган савол мени қийнайди. Энг катта мақсадим мана шу масалаларни жой-жойига қўйиб, ҳоким сайлаш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Наманган вилояти ҳокими в. б. бўлиб ишлаётган Шавкатжон Абдураззоқов синовдан ўтган инсон эканлигини таъкидлар экан, унинг туманда, шаҳарда, Давлат экология қўмитаси раиси сифатида ишлаганини эслаб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, вилоятдаги 775 та маҳалланинг (2,828 миллион киши яшайди) 141 тасининг аҳволи «қониқарсиз». Президент ушбу кўрсаткич янада танқидийроқ ёндошилса, 50 фоизни ташкил этиши мумкинлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги муаммоларни санар экан, имкониятлар чеклангани боис улар ўз вақтида ҳал қилинмаганини қайд этди.

«Наманганда 50 фоиз ички йўллар сифатсиз. Туманлар ичида кўп жойларда асфальт йўлларимиз йўқ. Ана шу йўлларни жой-жойига қўймасак, одамларни рози қилмаган бўламиз. Иккинчидан, мана бизда йигирма йилда биринчи марта 2 ярим ой қиш оғир бўлди. Шу қиш Наманган шаҳрига нима сабоқ берди? 50 йил олдин қилинган инфратузилмамиз, иссиқ сув, совуқ сув инфратузилмалари мутлақо ишдан чиққанлигини кўрсатди», — деди давлат раҳбари.

Президент СССР вақтлари қурилган катта-катта қозонлар сифати бўйича ҳам, ҳозирги талаб бўйича ҳам на халқни, на давлатни мутлақо қониқтирмаслигини айтиб ўтди. Шундан келиб чиққан ҳолда Наманган шаҳрида иккита янги, замонавий қозонхона қуриб, кейинги қишгача фойдаланишга топширилишини маълум қилди.

Наманган вилоятида қиймати 23,7 триллион сўмлик (қарийб 2,2 миллиард доллар) 1700 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, қиймати 430 миллион долларлик мега-лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ичимлик суви таъминоти ва йўл инфратузилмаси муаммоларини ҳал қилишга маблағ йўналтирилишини айтди. Ушбу масалаларни ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаол иштирок этиши керак, уларнинг ушбу соҳалардаги ваколатлари кенгайтирилади.