Ўзбекистон президенти Наманган шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида журналистлар саволига жавоб берди. У Наманган вилоятини бошқа ҳудудларга намуна сифатида кўрсатишининг сабабларига тўхталди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Президент доим Наманган вилояти ҳамда унинг халқи ҳақида ўзгача меҳр билан гапириши ва бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатишининг сабаблари ҳақидаги саволга қуйидагича савол берди.

«Ҳақиқатан кўп учрашувларда, ҳар бир селектор йиғилишида Наманганни бошқа вилоятларга ибрат қилиб кўрасатаман. Бу вилоят билан Фарғонани таққослаб, таҳлил қилиб кўрайлик. Фарғонада нефтни қайта ишлаш заводи, „Фарғонаазот“ каби катта-катта корхоналар бор. Наманганда-чи? Умуман йирик корхоналар йўқ. Афсуски, 30 йил ичида бу вилоятда мақташга арзигулик катта корхоналар қурмадик», — деди президент.

Президент Наманган аҳолисини нега мақташига ҳам тўхталди. «Наманганликлар тартиб-интизомни яхши кўради, уларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори. Охирги йилларда вилоят раҳбарлари тадбиркорларга давлат берган имкониятларни етказишда замон талабига муносиб ишлаяпти, тадбиркорлар ишонган», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бошқа вилоятларда солиқнинг асосий қисмини йирик корхоналар бажаришини, Наманганда эса ўрта ва кичик бизнес бу вазифани бажаришини таъкидлади. «Ўтган йили пандемия пайтида вилоятнинг ялпи ишлаб чиқариши 5 фоиздан ошди, саноат улуши 16 фоиз бўлди. Ҳеч қайси вилоятда бундай натижа бўлгани йўқ».

«Мен албатта, Наманган халқининг меҳнати, ҳаракатлари ва натижасига қараб, уларни мақтайман, муносиб рағбатлантираман ва ҳар доим ибрат сифатида кўрсатаман», — деди президент.