Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга аҳолини касбга, ишга ўргатиш бўйича топшириқлар берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Энди пул бермаймиз. Ким нимага қодирлигига қараб, керакли имкониятни яратамиз. Балиқ эмас, қармоқ берамиз. Ҳар битта вилоят туман ҳокимлари одамларингни юбориб, Музаффар Аҳмаджоновдан (Даштбоғ маҳалласи раиси — таҳр.) ўрганасизлар», — деди президент.

«Музаффар ўзини қийнаяптику, нимага бошқалар ўзини қийнамаяпти. Бу ухламаяптику. Президент билан аҳоли ўртасида кўприк қурадиган маҳалла раиси. Садоқат қилса бу адолат, ишламаса хиёнат», — деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари вазир ва давлат ташкилоти раҳбарларига муаммоли ҳудудларда аҳоли билан бирга яшаб, масалаларни ҳал этишни буюрди.

«Муҳокама қилиб бўлдик энди. Ўша уйда ётасизлар, ётиб, ўша уйни ишини қилиб, кейин чиқиб кетасизлар. Наманганда 5 мингта давлатдан ойлик оладиган одамлар бор. Ҳар биттаси 1 тадан иш жойи яратиб берса, 5 мингта иш жойи бўлади», — деди президент.

Президент: «Кредит олишга одамлар қўрқади. чунки билмайди, банк билан ишламаган. Раислар маҳаллада одамлар билан ишламайди, бу оила ёмон дегандан кўра, ўзлари ўргатсин», дея қўшимча қилди.