Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти депутатлари йиғилишида бош вазирнинг собиқ ўринбосари, марҳум Ўктам Барноев ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров фаолиятига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Мен нима учун Хайрулла Бозоровни қўллаб-қувватлайман. У мен айтган топшириқларни муҳокама қилмасдан бажаради. Ундай ҳоким кам. Раҳматли Барноев ҳам муҳокама қилмасдан, айтган топшириқларни вақтида бажарар эди. Бухоро вилояти уч йилда кескин ўзгарди, бориб кўринглар.

Наманганда бирорта катта корхона йўқ. Хайрулла Бозоров айтганларимни бажариб, тадбиркорларни орқасидан эргашди. Кичик-кичик корхоналар ҳокимга ишонди. Ҳокимга ишонди дегани — давлатга ишонди, дегани. Тадбиркорлар сармоясини қўя бошлади", — деди давлат раҳбари.

5 февраль куни президентнинг Фарғона вилоятига бўлган ташрифи давомида Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти ҳокими этиб тасдиқланган эди.