Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълумотларига кўра, журналист, блогер, ОАВ ходимлари, жамоат транспорти ходимлари (метрополитен, темир йўл, аэропорт ходимлари), чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари ҳам кетма-кетликда, бепул эмланади. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

«Глобал жамғарма томонидан олиб келинадиган вакциналар бепул. Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарадиган ва сотиб оладиган вакциналар хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламига бепул асосда амалга оширилиши бўйича ҳукумат раҳбарининг топшириғи бор. Юқорида саналган хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли бепул эмланади», — дея маълум қилди Нурмат Отабеков.