Украина МДҲнинг «Давлатлараро электр ва почта алоқаси соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш тўғрисида"ги битимидан чиқди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

Мазкур қарор мамлакат ҳукумати томонидан қабул қилинган, мажлис Вазирлар Маҳкамасининг YouTube каналида эфирга узатилган.

Ҳужжат 1992 йил 9 октябрда Бишкекда имзоланган. Унда иштирокчилар, хусусан, алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш, тармоқларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва тариф сиёсати бўйича биргаликда ишлашга келишиб олган.

Президент Владимир Зеленский даврида Киев Россия ва МДҲ билан шартномаларни қайта кўриб чиқишни давом эттирмоқда. Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Василий Боднар 2020 йил июнь ойида Донбассда можаро бошланишидан олдин 453 та ҳужжат кучда бўлгани, улардан 300 га яқини амалда эканлигини айтган эди.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳужжатлар икки томонлама талқин қилинмаслиги учун барча тартиб-қоидаларга амал қилиниши керак.

Биринчи бўлиб 2019 йилнинг апрелида Россия ва Украина ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шерикчилик тўғрисидаги битимнинг амал қилинишига барҳам берилган эди.