Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль куни ИИВ ҳайъати кенгайтирилган мажлисида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов олиб борди.

Йиғилишда Президент фармони билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Рустам Хатамов жамоага таништирилди.

Шунингдек, Президент фармони билан лавозимга тайинланган вазир ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Яҳё Абдулҳақов ҳамда ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев шахсий таркибга таништирилди.

Ички ишлар вазирлиги академияси зиммасига тизим ходимларининг малакасини ошириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш белгиланди.

Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашни «маҳаллабай» ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда келгуси даврда ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Хабарга кўра, маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни, «қизил», «сариқ», «яшил»га бўлиниши кутилмоқда.

Шунингдек, келгусида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» негизида маҳаллалар кесимида аниқ маълумотлар базаси яратилади. Бу ҳар бир муаммоли шахс билан якка тартибда манзилли ишлаш имконини беради", — дея хабар берди ИИВ ахборот хизмати.