15 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов ОАВга вазирликнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот бериб, Ўзбекистонда ННТларни рўйхатдан ўтказиш ва тартибга солиш бўйича саволларга жавоб берди. «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов бу соҳада амалга оширилган ишлар ва бажарилмаган вазифаларни таҳлил қилди.

ННТларни рўйхатдан ўтказиш борасида савол билан мурожаат қилган Зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко мустақил ташаббускор ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ҳали ҳам мушкуллигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, фақат «ҳокимият органларига бевосита боғлиқ бўлган ёки президент фармони билан тузилган ташкилотларгина жуда тез рўйхатдан ўтказилади. Фуқаролик ташаббуслари ҳанузгача жуда кўп ҳолларда рад қилинмоқда, бу рад жавоблари эса қандайдир аҳамиятсиз хатоликлар билан боғлиқ».

У ўзи бир неча марта ННТни рўйхатдан ўтказишга уриниб кўргани ва рўйхатдан ўтказувчи орган таъсис ҳужжатларини биринчи кўриб чиқиш пайтида йўл қўйилган барча хатоликларни кўрсатмаганини айтиб ўтди. Ҳужжатлар тўртинчи марта рад қилинганида, унга барча ҳужжатлар рисоладагидек бўлган тақдирда ҳам рўйхатдан ўтказилмаслиги ҳақида очиқчасига маълум қилинганини айтди Матвиенко.

ННТларни рўйхатдан ўтказишда бундай бюрократик талаблар ва тўсиқлар менинг ўтган йилги «Рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас рад этиш» мақоламда батафсил таҳлил қилинган эди.

Ҳуқуқшунослик фанлари номзоди Леонид Хван ННТларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда ННТларни рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги тартиблари «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонуннинг тартиби ва тамойилларини бузишини таъкидлаган эди.

ННТ қонунчилигини либераллаштириш тенденцияси?

Русланбек Давлетов ҳозирги пайтда баъзи бюрократик тўсиқлар сақланиб қолганини тан олди.

«Ҳа, тан олишим керакки, бизнинг қонунчилигимизда (ННТни — таҳр.) рўйхатга олиш билан боғлиқ бюрократик жиҳатлар мавжуд. Агар сиз қонунчиликни либераллаштириш тенденциясига эътибор қаратсангиз, сўнгги икки-уч йил ичида биз ушбу йўналишда жуда муҳим қадам ташладик. Биз кўпгина талабларни олиб ташладик. ННТларнинг барча фаолиятини мувофиқлаштириш каби талаблар мавжуд эди, божлар жуда юқори эди. Бундан ташқари, кўриб чиқиш даври жуда узоқ эди. Биз бу борада аниқ илдам қадам ташладик».

Вазир айни пайтда ННТ тўғрисидаги янги Кодекс ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлади ва бу йўналишда давлат талабларини юмшатиш учун ҳаракатлар олиб борилаётганига ишонтирди.

Ўтган йилнинг февралида вазир «ислоҳотлар суръати мутахассисларнинг умидларига жавоб бермаслиги мумкин», деб айтганди ва вазирлик кодекс лойиҳасида фаол фуқаролар билан биргаликда ишлашига ишонтирганди.

Бироқ, муқобил ННТ кодекси (матн ўзбек ва рус тилларида) ишлаб чиқувчиси Ойбек Исоқов:

«Афсуски, вазир ННТ кодексини қабул қилиш жараёнини кечиктириш сабаблари ва уни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ННТ вакилларининг ўзларининг фикрлари қандай ҳисобга олинишига тўхталмади. Бугунга келиб, ННТлар ўзларининг Кодекс лойиҳаси версиясини тайёрладилар ва Адлия вазирлигига тақдим қилдилар, аммо ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. Бизнинг таклифларимиз умуман кўриб чиқилганми ёки йўқми, биз билмаймиз. Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш ва ННТ кодексининг барча вариантларини кўриб чиқиш ҳам мумкин эди» деб такидлайди.

Президентнинг 2020 йил 22 июндаги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясини тасдиқлаган фармонига биноан, ННТ тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш 2020 йил 1 августгача якунланиши керак эди.


Президентнинг 2020 йил 22 июндаги УП-6012-сонли фармони матнининг скриншоти.

Судланганлик аҳамият касб этадими?

Адлия вазири бу масалани гипотетик фонд мисолида таҳлил қилди, бунда одамлар маблағлари тўпланиб, сўнг муҳтожларга қайта тақсимланади. У бу соҳада жуда кўп фирибгарлар ва шу йўл билан маблағ йиғиб, уларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатмоқчи бўлган инсофсиз одамлар борлигини таъкидлади.

«Шу билан бирга, ҳозирда турли ННТларни рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганлар жуда кўп, аммо биз, албатта, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини олиб борувчи давлат органи сифатида ҳужжатларни жуда синчковлик билан кўриб чиқишимиз керак. Бюрократия мавжуд, ҳа, албатта, мен буни тан оламан, лекин бу мажбурий бюрократия… Биз бу одамларни текширишимиз керакку?! Бу одам ким? Судланганми, судланмаганми? Бу ерда биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган аниқ жамоат манфаатлари мавжуд», — дея таъкидлади вазир.

Шундай қилиб, ННТ асосчиларининг ва / ёки уларнинг қариндошларининг илгари судланганлиги ташкилотни рўйхатдан ўтказишда тўсиқ бўлиши мумкинлиги тўғрисида олдинроқ сўз юритган тахминларимиз ўз тасдиғини топди.

Шу билан бирга, 2014 йил март ойидаги ННТларни рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги тартибида таъсис ҳужжатларини кўриб чиқишда таъсисчиларнинг судланганлиги мезонларини қўллаш тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт адолатли суд қилиш ва судланиш ҳуқуқини кафолатлайди (14-модда). Ne bis in idem принципига кўра, содир этилган жинояти учун жазоланган шахс яна жазоланиши мумкин эмас (Умумий тартибдаги изоҳ №32 (2007), IX пункт).

Бирлашиш эркинлиги учун жамоавий жазони англатувчи судланганлиги сабабли рўйхатдан ўтказишда рад этиш (22-модда) пакт иштирокчи-давлатлари томонидан қабул қилинмаслиги керак (Ўзбекистон унга 1995 йилда қўшилган). Маълумот учун: мазкур масала ЕХҲТ / ДИИҲБ экспертлари томонидан «Жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Туркманистон қонунига шарҳлар ва тавсиялар бериш пайтида кўтарилган.

Илгари судланган шахслар ассоциация ва ННТларни рўйхатдан ўтказиш эркинлиги ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқ Ўзбекистон Конституциясининг 34-моддаси билан мустаҳкамланган.

Агар COVID-19 пандемияси пайтида ижтимоий ёрдамни тарқатиш тажрибасига назар ташланса, «Маҳалла» ҳамда «Саҳоват ва кўмак» каби давлат томонидан ташкил этилган хайрия фондлари кўплаб ҳуқуқбузарликлардан холи бўлмаганига амин бўлиш мумкин. Бош прокуратура томонидан кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа, ишсизлик нафақалари ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига ажратилган маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.

Аслида, амалиёт шуни кўрсатадики, «пастдан юқорига» тамойили асосида ташкил этилган ННТлар ўз фаолиятини анча шаффофроқ олиб боради ва суиистеъмол қилиш ҳолатлари камроқ, чунки улар муҳтожларга ёрдам бериш учун ўз ғоялари ва фаолияти билан ёнишади.

Нима учун баъзи ННТларни рўйхатдан ўтказиш мумкину, бошқаларини эса йўқ?

Шунингдек, вазир «масалани сиёсийлаштириш» зарурати йўқлигини таъкидлади ва ННТларни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳар бир норозиликни батафсил кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. У Адлия вазирлиги ходимлари рад этиш сабабларини батафсил тушунтириб беришлари учун рўйхатдан ўтказишда рад этилган ташаббускор гуруҳларнинг аниқ номларини кўрсатишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги ўз ташкилотларини рўйхатдан ўтказишда тўсиқларга дуч келадиган мустақил гуруҳлар рўйхатини эълон қилди.

Ташаббускор гуруҳнинг конкрет мисоли — «Oltin qanot» ёш волонтёрлар маркази, у Тошкент шаҳар Адлия бошқармасидан ННТни рўйхатдан ўтказишда 20 та (!) ёзма рад жавобини олган.

Мисол учун, 4 декабрь куни Адлия вазирлиги матбуот хизмати Тошкент ҳокими томонидан ноябрь ойида волонтёрлик тушунчасини белгилаш зарурлиги тўғрисида қилган баёнотларидан сўнг, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси рўйхатдан ўтганлигини эълон қилди. Шу билан бирга, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида"ги қонун икки йил олдин қабул қилинган ва ушбу концепция ва «волонтёрлик ташкилоти» таърифини қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган эди.

ННТ устави намуналари эълон қилинадими?

ННТларни рўйхатдан ўтказишда юзага келадиган муаммоларнинг аксарияти ташаббускор гуруҳларни ҳуқуқий қўллаб-қувватламаслик билан боғлиқ бўлиб, бу меъёрий ҳужжатлардаги хатоликларнинг сабаби ҳисобланади. Ирина Матвиенко e-ngo.uz порталида ННТларнинг, шу жумладан диний ташкилотларнинг намунавий уставларини эълон қилишни илтимос қилди, чунки улардан фуқаролик фаоллари ўзларининг таъсис ҳужжатларини тақдим этишда намуна сифатида фойдаланишлари мумкин бўлар эди.

Вазир Русланбек Давлетов устав ва умумий талаблар ННТ порталида эълон қилинишини ваъда қилди. Шу билан бирга, у ҳар бир ННТнинг уставлари соҳалар ва фаолият йўналишларига асосланган ҳолда ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини таъкидлади.

Ташкилий-ҳуқуқий шакллари асосида ННТ уставлари намуналарининг нашр этилиши, низомни рўйхатдан ўтказишга тайёрлаш вазифасини анча осонлаштиради, шу билан бирга устав ҳужжатларидаги ҳуқуқий камчиликларни минималлаштиради.

Адлия вазири, шунингдек, «одамлар бизнинг қароримиз устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга», аммо ННТларни рўйхатдан ўтказишдан бош тортганлигидан норози бўлиб, «ҳеч ким судларга шикоят қилмаслигини» ва «судга мурожаат қилиш одамларнинг конституциявий ҳуқуқи» эканлигини таъкидлади. Бироқ, шуни ёдда тутиш керакки, юридик маълумотга эга бўлмаган ва шахсий маблағлари етарли бўлмаган ташаббускор фуқаро юристлардан иборат ўз армиясига эга Адлия вазирлигини судга беришга журъат этолмайди.

Агар «Мадад» ННТ ёрдам бермаса, унда ким?

Фуқаролик жамияти фаолларига малакали юридик ёрдамнинг етишмаслиги оғриқли нуқталардан биридир. Ирина Матвиенко «Мадад» ННТнинг маслаҳат бюроларига бепул юридик маслаҳатлар беришни ва шу тариқа ташаббускор гуруҳларга ўз ташкилотларини рўйхатдан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.

Вазир, «„Мадад“ биз ижтимоий шериклик орқали қўллаб-қувватлайдиган ННТ. Уларнинг вилоят ва туманларда 60 та ваколатхонаси мавжуд. Улар бепул юридик ёрдам кўрсатадилар. Ва уларга бирор бир ишни қилиш кераклигини, кимгадир ниманидир тушунтиришлари лозимлигини айтиш, менимча, бу бизнинг ишимиз эмас. Улар сизнинг сўровларингиздан келиб чиқиб, шундоқ ҳам ёрдам беришяпти. Жисмоний шахсларга, юридик шахслар вакилларига эмас. Улар фуқаролар билан ишлайди», — деб айтди.

Шуни унутмаслик лозимки, ўзларининг ННТлари рўйхатдан ўтказилгунга қадар ташаббускор гуруҳлар аъзолари ҳам жисмоний шахслар ва Ўзбекистоннинг тўла фуқаролари ҳисобланади. «Мадад» ННТнинг ваколатига нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериш киритилганми, йўқми, номаълум бўлиб қолмоқда.

Муаллифнинг 27 январдаги мақоласига расмий муносабат билдирилганда, вазирлик «манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хатарлари пайдо бўлишига» қарши туриш мақсадида «ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларини тайёрлашда адлия органлари ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга, ҳужжатлар келиб тушганидан кейин уларнинг тўлиқлигини текширишга ҳақли эмас», деб таъкидлаганди.

Эҳтимол, бундай қабулларни таъсис ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этмайдиган ва ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи давлат идораси бўлмаган «Мадад» бепул юридик маслаҳат бюролари ходимлари томонидан амалга оширилса мақсадга мувофиқроқ бўлар эди.

Умуман олганда, ННТларни рўйхатдан ўтказиш функцияси бир неча дақиқа ичида масъулияти чекланган жамиятларни (МЧЖ) таъсисчининг маълумотларини тайёр устав ва таъсис ҳужжатлари шаблонларига кирита туриб, рўйхатдан ўтказаётган «Ягона дарча» марказларига ўтказилса, самаралироқ бўларди.

Сирли экспертиза

Шуни таъкидлаш муҳимки, мамлакатнинг аввалги президенти даврида шаклланган ННТларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳали ҳам ўзгармаган. Ҳозирга қадар барча жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тартибга солинади.

Ушбу қарорнинг 1-иловасининг 19-бандига биноан, адлия органлари ҳужжатларни учинчи ташкилотларга кўриб чиқиш учун юбориш ҳуқуқига эга, бу бутун рўйхатга олиш жараёнини ношаффоф қилади.

«Ҳужжатларни кўриб чиқишда биз ушбу ҳужжатларни шубҳасиз, давлат ташкилотларига уларнинг фаолият соҳаларига қараб юборамиз. Бу бизнинг низомимизда ёзилган. Шунинг учун улар ННТни таъсис этмқочи бўлган айрим ташкилотлар фаолияти тўғрисида ўз фикрларини билдирадилар. Бу борада қилган ҳар қандай ҳаракатларимиз қонунчилик нуқтаи назаридан асослангандир».

Айнан мана шу ерда ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин, чунки ташаббус гуруҳ аъзолари билмаган «сирли экспертиза» ўтказадиган ташкилотлар маълум фаолият соҳасидаги ўзларининг доминант позицияси асосида у ёки бу ННТни яратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосасини билдиришлари мумкин.

Масалан, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси экспертиза учун «Oltin Qanot» ташаббус гуруҳининг таъсис ҳужжатларини олиши ва бундай кўнгиллилар ташкилотини ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса бериши мумкин, ахир аллақачон бутун бир ассоциацияси мавжуд, унинг асосий вазифаси бу — «волонтёрлар фаолиятини ташкил этиш, волонтёрларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббусларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш"дир.

Бундан ташқари, наҳотки, адлия органлари ходимларининг ўзлари ННТлар тўғрисидаги қонунни бузганлик учун таъсис ҳужжатларини текширишни чеклашлари мумкин бўлмаса, ахир қонуннинг 25-моддасида ННТларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилганку?

«Кураторлар» борми ёки улар анчадан буён йўқми?

«Мен ташкилотлар билан, ННТлар билан мулоқотда бўламан, баъзида улар менга „биласизми, мен бу ҳақда куратордан сўрашим керак“, дейишади. Биламан, Каримов даврида ҳар бир ННТда МХХдан куратор бор эди. Наҳотки, бу тизим ҳозир ҳам қолган бўлса?» — савол билан мурожаат қилди Ирина Матвиенко.

Вазир ННТларнинг қандайдир «кураторлари» борлиги ҳақидаги фикрни қатъиян рад этди ва бу сўзга ўзининг шахсий норозилигини билдирди. У буни эшитиб ҳайратга тушди ва бундай тушунчалар энди йўқлигини айтди.

Таъкидлаш жоизки, «Нодавлат нотижорат ташкитлотлар тўғрисида"ги қонуннинг 4-моддасига биноан «Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди».

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия), Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти.