Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси «Қарши-Хонобод» базасида зарарли моддалар борлигини текширмоқда. Бу ҳақда Экология қўмитаси раисининг ўринбосари Исломбек Боқижонов маълум қилди.

Дональд Трамп ўз президентлигининг сўнгги кунида 2001−2005 йилларда «Қарши-Хонобод» авиабазасида хизмат қилган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини текшириш бўйича топшириқ берган эди. Улар зарарли моддалар ва радиация таъсирига тушган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Фото: Johnny Lee.

«Бизда пахта-ғалла соҳасида жуда катта плантациялар бўлган. Ҳар бир ҳудудда аэродром бўлиб, у ердан самолёт пахтани устига кимёвий моддалар, гербицидлар сепган (ўсимликларни йўқотиш учун қўлланиладиган кимёвий модда — таҳр.)… Бизда, адашмасам, 17 та кимёвий полигон бор, ундан ташқари тахминан 33 та полигонларни биз рекультувация қилиб, ёпдик», — деди экология қўмитаси раҳбарининг ўринбосари.

Исломбек Боқижонов Хонобод базасида кимёвий полигон бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

«АҚШ ҳарбийлари жойлашган Хонобод ҳарбий зона бўлгани учун, уни ичига бизнинг кириш имкониятимиз бўлмаган. Қўриқланадиган жой бўлгани учун биз уни анализини, ҳолатини ўрганолмаганмиз… Эшитишимизча, ўша ерда ҳам шундай аэродром бўлган. У инсон нафас йўлига таъсир кўрсатадиган даражадаги кимёвий моддаларни далаларга сепадиган аэродром бўлган».

Унинг айтишича, қўмита ҳозирда ўзининг лабораторияларда ўрганиш ишларини бошлаган ва у ерда зарарли моддалар ва радиация ҳақиқатда бўлганми ёки йўқми аниқлик киритмоқчи. «Яқин кунларда бу бўйича маълумот берамиз», — деди у.