Президентнинг тегишли қарорига кўра, «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом»га ҳудудий тамойил деган тушунча киритилди. Баъзи бир лавозим ва мутахассисликларга ўз ҳудудида хизмат қилиш имкони берилди.

«Аввал оилада ёлғиз фарзанд бўлса, туғилиб ўсган жойида хизмат қилиши мумкин эди. Ҳозир нафақат ёлғиз фарзанд, балки оилада ёлғиз ўғил бўлса ҳам, туғилиб ўсган ҳудудида хизмат қилиш ҳуқуқи берилди», — деди Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Шермуҳаммад Саидаҳматов.

Шунингдек, вазирлик расмийсининг таъкидлашича, илгари суд қарори билан офицерлик рутбасидан маҳрум бўлган ҳарбий хизматчилар умуман пенсиясиз қолган бўлса, бугунги кунда уларга оддий аскар унвонида пенсия тайинланмоқда.