Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Nexia автомобилида 6 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборган ҳайдовчининг ҳақиқатан ҳам ИИБ ходими экани ўз тасдиғини топди. Бу ҳақда Nasafnews.uz вилоят ИИБга таяниб хабар қилди.

«Nexia бошқарувида ҳақиқатан ҳам Чироқчи туман ИИО ходими бўлган. Суриштирув давомида ҳайдовчи вилоят Наркология диспансеридан тиббий кўрикдан ўтказилган ва „ҳушёр“ эканлиги аниқланган. Вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказиляпти. Бола айни вақтда туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда», — дейилади хабарда.

Қашқадарё прокуратурасининг хабар беришича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан Ж.Хга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ 16 февраль куни ИИБ ходими экани айтилаётган ҳайдовчи, Ж.Ҳ. (1977 й.т.) Nexia автомобилида ўқувчи пиёдани уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулованинг маълум қилишича, ЙТҲ иштирокчиси бўлган пиёда қиз бола бўлиб, айни пайтда у туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида даволанаётганини маълум қилган.

«Бугун қизалоқнинг бобоси билан ҳам суҳбатлашдик. Биз ИИБ ходимининг хатти-ҳаракатини оқлашдан йироқмиз. Тўғри, айби бўлган. Ва шу сабаб ҳам ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бироқ нафақат профилактика инспектори, туман ИИБ бошлиғи ҳам қизалоқнинг яқинларига кўмак бериб, даволанишидан ҳам хабар олиб турибди. Буни қизалоқнинг яқинлари ҳам тасдиқлади», — дейди Ирода Расулова.