15 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида Республика Махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини бошлаш ва ташкиллаштириш чоралари кўриб чиқилди, дея хабар берди Расул Кушербаев.

Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигида ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи бўйича ҳозирга қадар 6697 нафар кўнгилли фуқаролар вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган, яна 1209 таси 2-дозани ҳам қабул қилишган.

Клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда (0,3%) кузатилган. Солиштириш учун, бу кўрсаткич «Pfizer/Biontech»да 2−3,8%, «Спутник V»да эса 0,3−0,4%ни ташкил этган.

Хабарга кўра, клиник синовнинг ижобий натижалари сабабли Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда.

Агар махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилган тақдирда, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади. Шунингдек, мамлакатда вакцина ZF-UZ-2001 номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Махсус комиссия раисига кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинацини жорий йилда 300 млн донагача ишлаб чиқиши ва етказиб бериши мумкин. Бу эса 2021 йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, комиссия раиси Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2,5 млнга яқин Astra-Zeneca вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилди. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда биринчи навбатда ёши катта, сурункали касаллиги бор, фуқароларга биринчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) 2021 йил охиригича коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлаш режалаштирилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга мухтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.