Бош прокуратура департаменти ва ДХХ ходимлари томонидан тадбиркорга ўрмон хўжалиги ҳисобидаги ердан олиб беришни ваъда қилган Хатирчи давлат ўрмон хўжалиги масъули қўлга олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура маълум қилди.

Хатирчи давлат ўрмон хўжалигида бўлим бошлиғи Ф.Х. жамиятлардан бирининг иш бошқарувчисини ўрмон хўжалиги ҳудудидан узоқ муддатли ижара шартномасини тузиш орқали 50 гектар ер ажратиб беришига ишонтирган.

Бунинг эвазига эса 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.