Бош прокуратура ҳамда ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Жалақудуқда ўзини «кадастр» ходими деб таништирган шахс ва Жондорда кадастр филиали мутахассиси жиноят устида қўлга тушди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура хабар берди.

Жалақудуқдаги ҳолатда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган, ишсиз М.К. фуқароларга ўзини туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходими деб таништириб юрган.

М.А. ва унинг қўшнисига уй-жой қуриш учун «Ҳақиқат» МФЙ ҳудудидан ҳар бирига 6 сотихдан, 12 сотих ер майдони олиб беришини айтиб, эвазига 1.300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Жондорда ҳам аниқланган.

Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Жондор тумани филиали мутахассиси Ф.С., Р. исмли фуқарони унинг 23 сотих ер майдонини деҳқон хўжалиги номига расмийлаштириш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб беришига ишонтирган.

Бунинг эвазига эса олдиндан келишилган 400 АҚШ доллари ҳисобидан, 100 АҚШ доллари ва 2 млн сўмни олган вақтда ашёвий далил билан ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, «Газета.uz» Наманганда фуқароларни Россияга сохта ҳужжатлар билан жўнатишга уриниш ҳолати аниқлангани ҳамда Нукусда фуқарони ички ишлар тизимига ишга киритишни ваъда қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берган эди.