Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати матбуот хизмати Коронавирусга қарши кураш штаб маълумотига таяниб, маълум қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал ва босқичма-босқич амалга оширади.

«Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига биноан қолган аҳоли ҳам эмланади», — дейилади хабарда.

Санитария-эпидемиология хизмати СOVID-19 инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи 12 та етакчи корхоналар билан ушбу вакциналарни харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганлигини айтган.

Олдинроқ, коронавирусга қарши биринчи бўлиб қайси аҳоли тоифаси эмланиши ҳақида маълумот берилган эди.

Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза AstraZeneca вакцинаси олиши ҳақида ҳам хабар берилган эди.