«Снос"лар бўйича энг кўп ноқонуний қарорлар, жумладан, ер егасининг розилиги олинмаслиги ҳолатлари Андижон вилоятида қабул қилинган, дея маълум қилди Бош прокуратура бошқарма прокурори Абдураҳим Муҳиддинов.

Шундай қарорлар орасида ижарачи билан келишилмаслик, тегишли халқ депутатлари кенгашларининг қарори ёки ҳукумат қарори чиқарилмаганлиги, Адлия органларининг ижобий хулосаси олинмаганлиги, келишувлар нотариал тасдиқланмаганлик ҳолатлари ҳам кузатилган.

Ноқонуний қарорлар Андижонда (48 та), Тошкентда (11 та), Наманганда (7 та), Жиззахда (6 та), Қорақалпоғистонда (4 та), Бухорода (3 та) ва Қашқадарёда (1 та) қабул қилинган.

Бунинг оқибатида, республика бўйича 1338 та ҳолатда мулк эгаларидан 221,5 млрд сўм қарздорлик юзага келиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига йўл қўйилган.

Таъкидланишича, маҳаллий ҳокимликларнинг ҳисобидаги жамғармада қолдиқ маблағлар мавжуд бўлса-да, Тошкент шаҳрида 76,4 млрд сўм, Тошкент вилоятида 49 млрд сўм, Сирдарёда 51 млрд сўм, Қашқадарёда 17 млрд сўм, Сурхондарёда 9,7 млрд сўм, Жиззахда 7 млрд сўм, Самарқандда 5 млрд сўм, Фарғонада 2,4 млрд сўм ва Андижонда 2 млрд сўм қарздорлик қопланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2020 йилда «снос"лар туфайли бузилган мулкларнинг 55 фоизига компенсация тўланмаганлиги ҳақида хабар берилган эди.