Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХ томонидан Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбир вақтида фуқароларни Россияга қалбаки ҳужжатлар билан жўнатишни мақсад қилган икки нафар шахс ушланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура хабар берди.

Фуқаролар Н.Х. ва А.А.лар пандемия даврида Россия Федерациясига кириш тақиқланганидан фойдаланиб, ушбу давлатга кетиш истагида бўлган икки нафар фуқаронинг ишончига киради. Натижада уларни даволаниш мақсадида таклифнома асосида Россияга чиқариб юбориш учун сохта ҳужжатларни ҳамда бунинг эвазига 1 000 АҚШ доллари ва 5,2 млн сўмни олгани вақтида қўлга тушган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистонда пандемия даврида фуқароларни Россияга фирибгарлик йўли билан жўнатишга уринаётган шахслар пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирган эди. Агентлик фуқаролардан Россияга ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмаслик ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликни тавсия қилган эди. Сохта ҳужжатлар билан чегараларни кесиб ўтишга Ўзбекистон ва Россия қонунларига мувофиқ, жиноий жавобгарлик белгиланганини маълум қилганди.

Президент Владимир Путиннинг топшириғига биноан Россия ҳукумати 2021 йил 1 мартгача меҳнат муҳожирларини Россияда қурилиш ишларига соддалаштирилган тартибда жалб қилиш учун шароит яратиши лозим.