Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилади, пойдевор учун қазилган котлованлар кўмилади, болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги «Дўстлик» ҳамда «Гулзор» маҳаллаларида аҳоли яшаш шароитларини кўздан кечирди. Ҳудудни ўрганиш жараёнида кўп қаватли турар-жойлар орасида яшил майдонлар ҳудудидаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилиб, ўрнига янги бинолар қурилиши бошланганига гувоҳ бўлди.


Маҳаллий аҳоли вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар сабабли маҳаллада аҳоли яшаши учун ноқулайликлар юзага келаётгани, болалар учун очиқ ҳавода ўйнашга, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаганини билдирган.

Маълумотга кўра, Хайрулло Бозоров шаҳар ҳокими ва прокурорига Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берди.


Пойдевор учун қазилган котлованларнинг барчаси кўмиб ташланиши, қурилиши якунланиш босқичида бўлган иншоотларнинг ҳар бири қонунийлиги бўйича шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилиши вазифаси юкланди.

Барча ҳудудларда бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланиши керак бўлади. Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилиши кўзда тутилмоқда.


Хайрулло Бозоров, шу билан бирга ҳудуддаги атроф-муҳит тозалигига эътиборсизликка, чиқиндиларнинг сочилиб ётганига, турар-жойлар атрофида ободонлаштириш ишларининг умуман йўлга қўйилмагани ва биноларга бириккан ҳолда вақтинчалик қўшимча иншоотлар қуриб ташланганига алоҳида танқидий эътибор қаратди.

«Фарғона турар-жой массивларида файз бўлиши шарт», — деган вилоят ҳокими. У шаҳар маҳаллаларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича алоҳида манзилли дастур ишлаб чиқиш юзасидан шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаевга топшириқлар берди.

Мотуридий кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи катта ариқ устида қурилган объектлар олиб ташланиб, сув қирғоғи бўйлаб велосипед миниш ҳамда сайр қилиш учун экойўлак ташкил этиладиган бўлди, дейилади хабарда.

Хайрулло Бозоров 2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган. 5 февраль куни Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланган.

Шу куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига бориб, МФЙ биноси, тозалаб, тартибга келтирилмаган ҳовлилар, таъмирталаб хоналарни кўриб, маҳалла раҳбарларининг ташаббуссизлигини танқид қилди. Ўз вазифаларини бажаришда йўл қўйилган камчиликлари учун шаҳар ҳокими Хамид Хабибидинов шунингдек, прокурор, ички ишлар ва солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олинган эди.

Кўпинча ноқонуний олиб бориладиган яшил зоналарни йўқ қилиш ва турар жойларни ривожлантириш кўп йиллар давомида ўзбекистонликларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. Одамларнинг норозилигига қарамай, ҳокимликлар ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга шошилаётгани йўқ. «Газета.uz» да бунга нима сабаб бўлаётганлиги ҳақида катта мақола эълон қилинган эди.

2019 йилнинг қишида Фарғона марказидаги Гидролиз шаҳарчасида икки қаватли турар-жой бинолари шошилинч равишда бузилган ва аҳоли мажбуран кўчирилган. Уйларни бузиш жараёнида у ерда ҳали одамлар яшаётган эди.