Перу ташқи ишлар вазири навбатдан ташқари эмлангани учун истеъфога чиқишини эълон қилди

Перу ташқи ишлар вазири Элизабет Астете 14 февраль куни клиник синовлар ва миллий вакцинация дастури бошланишидан олдин Хитойнинг Sinopharm компанияси вакцинанинг биринчи дозасини олганини тан олганидан кейин истеъфога чиқишини айтди. «Мен қандай жиддий хато қилганимни тушуниб етдим ва шу сабабли вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилмасликка қарор қилдим. Белгиланган сабабларга кўра мен президентга ишдан бўшаш ҳақидаги аризамни топширдим», — деб ёзди у Twitter саҳифасида. ANDINA маълумотларига кўра, Aстете декабрь-январь ойларида коронавирус аниқланган расмийлар билан мулоқотда бўлган, шу сабабли у синовдан ўтмаган вакцина билан эмланишга мажбур бўлди. Бундан бир неча кун аввал мамлакат президенти Франсиско Сагасти соғлиқни сақлаш вазири Пилар Маццеттининг истеъфосини қабул қилган эди. Маццети Перу собиқ президенти Мартин Вискарр атрофидаги можаро (ҳокимятда бўлганида навбатдан ташқари эмланган) туфайли лавозимини тарк этди. — ANDINA.

Қирғизистон президенти Россияга ташрифи арафасида ўзини яккалаш жараёнидан ўтмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россияга ташриф буюришдан олдин ўзини яккалаш (самоизоляция) жараёнидан ўтмоқда. «Мамлакат президенти Садир Жапаровнинг ташқи ташрифи доирасида Москвага ташриф буюришни режалаштирган Қирғизистон делегациясининг барча аъзолари ҳам ўзини яккалаш жараёнидан ўтишмоқда. Президент Бишкекдаги давлат қароргоҳида тўлиқ яккаланган», — деди давлат матбуот бош котиби Галина Байтерек «Интерфакс»га. Унинг сўзларига кўра, шифокорларнинг барча тавсиялари бажарилмоқда, делегациянинг барча аъзолари коронавирусга тест топширишмоқда. «Москвага ташриф буюришдан олдин эпидемиологик хавфсизлик стандартларига риоя қилиш зарурати — бу ўзаро қарор. Россияликлар бунга жуда жиддий қарашади», — деди Байтерек. Маълум қилинишича Россияга ташриф 24−25 февраль кунлари амалга оширилади. — Интерфакс.

Мьянманинг давлат маслаҳатчиси ва президенти устидан 17 февралда суд жараёни бошланади

Ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган Мьянманинг давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжи 17 февраль куни бўлиб ўтадиган суд мажлисига қадар ҳибсда қолади. Бу ҳақда 15 февраль куни давлат маслаҳатчиси ва президент Вин Мьиннинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Миллий Демократия Лигаси томонидан тайинланган адвокат Кин Маун Зо эълон қилди. «Менга туман прокурори суд мажлиси чоршанба кунигача (17 февраль) қолдирилгани тўғрисида хабар берди, — деди адвокат Irrawaddy нашрига. — Прокурор суд мажлисида [видео алоқа орқали ўтказиладиган] Aун Сан Су Чжидан судда адвокат унинг вакили бўлишини хоҳлайдими ёки йўқми деб сўралишини айтди». Кин Маун Зо шу пайтгача суд унинг Мьянма давлат маслаҳатчиси ва президентининг манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги илтимосномасини рад этганини изоҳлади. Кейинчалик, у Вин Мьин судда видеоалоқа орқали ҳам пайдо бўлишини қўшимча қилди. — The Irrawaddy.

Ливия бош вазири мамлакатни бутунлай тарк этди

Ливия Миллий келишув ҳукуматининг раҳбари Фаиз Сараж 14 февралда Ливияни тарк этиб, Триполига бошқа қайтмаслиги маълум қилинди. «Сараж ниҳоят ўз лавозимини тарк этди, мамлакатдан жўнаб кетди ва бошқа Триполига қайтмайди», — деди расмийлар вакили «ТАСС»га. Унга кўра, у ўз ўринбосари Aҳмед Маитигга янги президент кенгашига ҳокимиятни расмий равишда топширишни буюрди. «Фаиз Саражнинг энди Ливияда қолиш учун сабаблари йўқ», — дея қўшимча қилди манба. — «Унинг барча маслаҳатчилари ҳам мамлакатни тарк этишди». Al-Marsad ахборот порталининг ёзишича, 14 февраль куни Сарраж президент кенгаши раҳбариятини бош вазир ўринбосари Aҳмед Майтигга топширди. 5 февраль куни Швейцариядаги Ливия сиёсий мулоқот форумида Абдель Хамид Дбейба Ливия ҳукумати раҳбари этиб сайланди, Муҳаммад ал-Манфи, Мусо ал-Қуни ва Aбдуллоҳ ал-Лафи биргаликда Президент кенгашига киришди. Ўтиш даври органларининг асосий вазифаси — 24 декабрь куни Ливияда президент ва парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўлади, аммо шу вақтгача янги конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказилиши керак. — ТАСС.

Фаиз Сараж 2016 йил 5 апрелдан бошлаб Ливия бош вазири лавозимида фаолият юритган.

Каталонияда бўлиб ўтган сайловларда Испания билан бирлик тарафдорлари ғолиб бўлишди

Каталония социалистлари 14 февралда маҳаллий парламентга бўлиб ўтган сайловларда ғолиб бўлишди. Бироқ улар ва бошқа партиялар бирлашган Испания давлати тарафдори бўлган мустақиллик тарафдорларини мағлуб эта олмадилар. Сайловчиларнинг 23 фоизи Каталония социалистик партиясига овоз берди, улар парламентда 33 ўринга эга. Умуман олганда, ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватловчилар парламентнинг янги таркибида 61 мандат билан ўринларини мустаҳкамлашга муваффақ бўлишди. Шу билан бирга, минтақа мустақиллиги тарафдорларини бирлаштирган учта партия — «Сўл республикачилар» (33 та ўрин), «Каталония учун биргаликда» (32 та ўрин) ва «Миллий бирлик номзоди» (9 та ўрин) 74 мандатни олишга муваффақ бўлишди. Социалистлар етакчиси, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сальвадор Илья ҳукумат бошлиғи лавозимига номзод кўрсатишини айтди, аммо кузатувчиларнинг таъкидлашларича, мавжуд кучлар мувозанати билан унга маъқуллаш жуда қийин бўлади. Ильянинг рақиби Пере Aрагонес («Сўл республикачилар») бўлади. — RTVE.

Жаҳон савдо ташкилотига илк бор аёл киши раҳбарлик қилади

Нгози Оконжо-Ивеала (66 ёш) ЖСТнинг янги бош директори этиб тасдиқланди. Тарихда илк бор ташкилотга аёл киши раҳбарлик қилади. Лавозимга кириш маросими 1 мартда бўлиб ўтади. У турли вақтларда Нигерия молия вазири, ташқи ишлар вазири ҳамда Жаҳон банкининг бошқарувчи директори сифатида ишлаган. Ҳозирда у Вакцинация ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI) кенгаши раиси. — ЖСТнинг Twitter’даги саҳифаси.

Tesla Ҳиндистонда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

АҚШнинг Tesla компанияси Ҳиндистонда электр автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузишга яқин турибди, деб хабар бермоқда Bloomberg. Йиғиш заводини Карнатака штати марказида, Бангалор яқинида қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда. Музокаралар олти ойдан бери давом этмоқда, дейди агентлик манбалари. Компания Бангалор марказидаги ҳинд филиалини ва офисларини рўйхатдан ўтказиб бўлди. — Bloomberg.