Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси босим ўтказилиб, ишдан бўшаганлиги айтилган қўмитанинг собиқ матбуот котиби ҳолати бўйича расмий муносабат билдирди. Муносабат «Газета.uz» электрон почтасига юборилган.

Олдинроқ «Газета.uz» Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаевга босим бўлиб, у ишдан бўшатилганлиги ҳақида ёзган эди.

Бунёд Абдуллаев бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигидаги йиғилишда қўмитанинг 6 нафар раҳбар ходими ишдан олиниши ва улар орасида ўзи ҳам айтилгани ҳақида маълум қилганди. Абдуллаев бу қарор у учун кутилмаган бўлганлигини, бундан олдин Президент администрацияси вакиллари билан йиғилишда қўмита матбуот хизмати фаолиятига ижобий баҳо берилганини таъкидлаган эди.

Унинг айтишича, бош вазир ўринбосари билан йиғилишда сўз беришларини сўраб, қўлини кўтарган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган. У йиғилиши тугамасидан олдин чиқиб кетган.

Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан ҳайдалишига Очилбой Раматов «штаби»дан берилган топшириқни бажаришдан бош тортганлиги сабаб бўлганлигини таъкидлаган эди. Унга бош вазирнинг биринчи ўринбосарининг имижини тарғиб қилиш мақсадида ОАВда тарқатиш учун ҳар жума куни тасдиқланган мавзу бўйича маълумот тақдим этиш сўралган. Бунёд Абдуллаев топшириқ ёзма равишда берилсагина бажаришини айтган, лекин унга ёзма топшириқ берилмаган.

Экология қўмитаси муносабати

Қўмита «Газета.uz» томонидан 10 февраль куни эълон қилинган мақолада келтирилган «важлар ҳақиқатга мос келмаслигини» айтмоқда. «Бунёд Абдуллаевнинг унга юқори идоралар вакиллари томонидан босим ўтказилгани хусусидаги даъволари ҳужжатли асосга эга эмас», — дейилади қўмита муносабатида.

«Б. Абдуллаевнинг „Газета.uz“ сайтига берган ёлғон маълумотлари Давлат экология қўмитаси жамоасини ҳайратга солмоқда. Унинг „йиғилишда сўз сўрагани“, „касбдошлари гаплашмай қўйгани“ каби важлари, олдинги йиғилишда мақталгани ҳам нотўғридир. Ўша мулоқотда „мабуот хизмати бонг урмаётгани“ танқид қилинган аслида», — дейилади хабарда.

Лекин, Газета.uz томонидан эълон қилинган мақолада ҳамкасблари Бунёд Абдуллаев билан гаплашмай қўйгани ҳақида маълумот берилмаган.

«Ҳуқуқи бузилганини талаб қилаётган журналистнинг ўзи мажбуриятларини бажардими, далилланмаган мулоҳазалари билан бошқаларга туҳмат қилмадими, деган савол туғилади. Зеро, ҳуқуқини талаб қиладиган ҳар қандай шахс аввало мажбуриятини бажариши керак», — дейилади қўмита баёнотида.

«Агар Б. Абдуллаев айтаётганидек, ростдан унга номаълум маслаҳатчи қандайдир ғалати топшириқ берган ва буни юқори органдаги куратор тасдиқлаган бўлса, нега қўмита раисига буни зудлик билан маълум қилмади? Нима учун ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчи сифатидаги раҳбар билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш ҳуқуқидан фойдаланмади? Не сабабдан мазкур воқеликни орадан муайян вақт ўтгандан кейин ташкил этилган умуман бошқа мавзудаги ҳайъат йиғилиши билан боғламоқда?», — дейди қўмита.

Экология қўмитаси ўзининг Ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган ходимлар мажбуриятлари ҳақида эслатиб, «хизмат доирасидаги ахборотларни ва иш жараёнида аён бўлган бошқа чекланган фойдаланишдаги маълумотларни ошкор қилинишига ёхуд ундан ғаразли ва бошқа шахсий мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги, қўмита ва тизим фаолиятига тааллуқли бўлган маълумотлар, ахборотларни сир сақлаш, ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш мажбурияти» ходимларга юклатилганини таъкидлайди. Собиқ матбуот котиби ушбу «қоидалар билан аввалдан таништирилган ва унга риоя қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлиши хусусида огоҳлантирилган».

Бундан ташқари, муносабатда Бунёд Абдуллаевнинг ҳайъат йиғилишидан чиқиб кетганлиги қонун бузилиши ҳисобланиши таъкидланган. Қўмита бунга Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-бандида ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатида ички меҳнат тартиби қоидалари алоҳида кўрсатилганлигини асос қилган.

Давлат экология қўмитасининг таъкидлашича, қўмита ходимининг хулқ-атворини ва касбий фаолиятини баҳолашда 2018 йил 15 июнь куни тасдиқланган Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини маълум қилган. «Бунёд Абдуллаев эса ҳукумат вакиллари иштирокида расмий тадбирда ўзбошимчалик билан иш тутганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди», — дейилади муносабатда.

Лекин қўмита қоидаларнинг айнан қайси бандига асосан ходим йиғилишдан чиқиб кетиши тақиқлангани ҳақида маълумот бермаган.

Қўмита Бунёд Абдуллаевнинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб, ариза ёзиб кетганлигини қайд этган.