Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан «Қорақалпоқагрокимёҳимоя» мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, текширув вақтида жамиятнинг Беруний тумани филиали мансабдорлари мавқеини суиистеъмол қилиб, «Марказий» минерал ўғитлари тарқатиш шаҳобчасига тегишли, ўзларига ишониб топширилган минерал ўғитларни ўзлаштириб юборгани аниқланди.

Натижада, қиймати 872,4 млн сўмлик 446,9 тонна минерал ўғитлар талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.