Давлат божхона қўмитаси томонидан пойтахт ва Тошкент вилоятида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар давомида жами 6 кг 370,17 гр гиёҳвандлик воситалари ноқонуний савдосининг олди олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га қўмита Ахборот хизмати хабар берди.

Тезкор тадбирлар дастлаб, вилоятнинг Ангрен шаҳридаги ресторанлардан бирининг олдида А исмли шахс аввалдан келишилган 199,73 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Шундан сўнг, ушбу шахсга пулларни Тошкент шаҳрида кутиб турган Д исмли шахсга етказиб бериш бўйича телефонда кўрсатма берилган. Гиёҳвандлик воситаси сотувидан тушган пуллар аслида хорижий давлат фуқароси томонидан олиниши лозим бўлган.

Тезкор тадбир Тошкент шаҳар, Учтепа туманида давом этди. Ушбу туман ҳудудидаги кафелардан бирининг ёнига Cobalt русумли автотранспорт воситасини бошқариб келган фуқаро Э.Д. 3000 АҚШ долларни олаётган вақтида ушланди.

Унинг автомобили кўздан кечирилганида машина салони ва юкхонасида картон коробкаларга жойланган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 100 млн сўмлик 17 хил турдаги жами 1951 қути дори-воситалари борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситасини қолган қисмини аниқлаш бўйича олиб борилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзолари Ангрен шаҳардаги кўприк тагига яшириб кетган 900,3 грамм «гашиш» ҳам топилди.

Яна бир жиноий гуруҳ аъзоси Х.Ж. нинг ижарада яшаб келаётган хонадонидан эса 328,65 грамм «гашиш» ҳамда ишга алоқадор бошқа ашёлар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Тергов давомида ушбу гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтилгани ҳамда сотиш режа қилингани аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, мазкур тезкор тадбирлар давомида 1 кг 428,68 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси ҳамда 4,21 грамм «каннабис» уруғи ашёвий далил сифатида олинди. Ҳозирда ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.

Бошқа бир ҳолат — тезкор тадбир ДХХ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилди.

Кузатувга олинган фуқаролар Д.Т. ҳамда И.О. Nexia русумли транспорт воситасидан тушиб, кўп қаватли уйларнинг бири томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатилган. Унинг ёнидан қора полиэтилен пакет ичида 2 дона скотч ўрамларда 1 кг 975 грамм «гашиш» борлиги аниқланган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Ҳолатни тўлиқ фош этиш мақсадида давом эттирилган тадбир давомида яна бир фуқаро С.К. бошқарувидаги Nexia русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилади. Натижада автомобилда ҳаракатланиб келган фуқаро Х.М.га тегишли оғирлиги 2 кг 962,28 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Мазкур тадбирлар натижасига кўра, жами 4 кг 937,28 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдосининг олди олинди. Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзгатилган ва тергов давом эттирилмоқда.