Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов президент 4−5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи асносида вилоятдаги ОТМларга шахсан ўзи борганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

У Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Капитал реконструкция бўлаётган бинони кўрсатмоқчи бўлишди, мен йўқ дедим. Тўққиз қаватли биноларинг бор экан, ўшанинг еттинчи қаватига чиқаринглар, дедим. Чиқдик, тарих факультети жойлашган экан. Бино ачинарли ҳолатда. Жорий ёки капитал таъмирлаш умуман бўлмаган. Эшик, дераза, деворлар эски, мана эшикка эътибор беринг, бундан 20 йил олдинги «колхоз»ни идораси ҳам бундай эмас. 9 қаватнинг ҳамма аудиторияси шу аҳволда», — дея таъкидлади вазир.

У, шунингдек, ОТМнинг ҳисобида маблағи бўла туриб, ўз биносини таъмирламагани ҳақида гапирган.

«100 млрд сўмдан кўп пули бор ҳисобида. Янги бино қуришни орзу қилиб турибди булар. Мен иқтисодчиман, тахминий ҳисоб-китоб қилсам, бир қаватини 120 млн сўм билан нормал ҳолатга олиб келса бўлади. Камида 46 млн сўм суперконтракт тўлаган талаба мана шу эшикдан киради. Деворларни қаранг. Уларнинг топиб олган гапи, „Халқ таълимидан яқинда ўтди“. Уч йил бўлган бизга ўтганига. Ҳар йили битта қаватдан қилса ҳам бўлар эди», — деди Тошқулов.

Бундан ташқари, вазир ректорларнинг молиявий мустақилликка эга эмаслигини рўкач қилишига ҳам тўхталиб ўтган.

«Бироз олдин Ёшлар ишлари агентлиги директорига (Алишер Саъдуллаев) талаба „ўтира олмаймиз парталарга“ деб шикоят қилган экан. Ҳақиқатдан ҳам мактаб ўқувчиси ўтирмайдиган, андозага тўғри келмайдиган парта, стуллар. Уларни топиб олган гапи, „биз молиявий мустақилликка эга эмасмиз“. Асосий сметада неча пул қўйиб берсангиз, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сизга тасдиқлаб беради. Яна қанақа молиявий мустақиллик керак?» — деди ОТМ вазири.

Абдуқодир Тошқуловнинг эътиборини китобларнинг аҳволи ҳам тортгани айтилди. У энг янги китоб 1996 йилги эканини, ахборот ресурс маркази 2013 йилдан буён талаб даражасида адабиётлар билан янгиланмагани, қарийб ўн йил олдинги ўқув режа ва дастурлардан фойдаланилаётгани таъкидланди. Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқий таълим кафедрасида соат 14:00 да бирорта ўқитувчи йўқлигини айтди.

Солиқ ва солиққа тортиш фанидан ўқув-услубий мажмуа. Қўқон-2013 йил. Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

«Кафедра шкафларида тахлаб қўйилган курс ишлари, оралиқ, якуний назорат дафтарлари ҳолатини кўрдим. Охирги уч йиллик турибди, қоғоздан бошқа нарса йўқ. Энг ачинарлиси, бирортаси текширилмаган. Баҳолар қўйилмаган. Лекин қайдномалар амалга оширилган. Демак, билимига эмас, ҳолатига қараб баҳолаган. Коррупциявий ҳолатлар бу ерда сўровларда аниқланди», — деди у.

Тошқулов ўқитиш услублари эскича эканини, янги технологиялар бўйича дарслар ташкил этиш бўйича гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини қайд этди.

Ахборот ресурс маркази. Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

«Абдували Жонузоқович (вазирлик Олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Холиқов Абдували Жонузоқович), ахборот-ресурс марказидаги мана бу аҳволни қаранг, ўқув жараёнини айтдим сизга. Сиз шунчалик қоғозга кўмилик қолгансиз-ки, буни сизни юзингизга қараган одам ҳам билади. Оппоқ бўлиб кетгансиз. Эртадан бошлаб Қўқонда юрасиз», — деди лавозимга яқинда тайинланган вазир.

Абдуқодир Тошқулов йиғилиш натижалари билан Қўқон давлат педагогика институти ректори Атаджанов Мамиржон Юсуповичга хайфсан бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ ҳам берди. Шу қаторда институт проректорларига фаолиятларини қайта кўриб чиқиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга бир ой муддат берилди.

«Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (Ходжаева Дилноза Шавкатовна) 20−25 йилдан бери лавозимда, фан номзоди, доцентлик олмаган. Аёл киши илмий бўлим бошлиғи, аёл киши проректор. Нимага ўзлари намуна бўлиб, докторлик (диссертация) қилмаганлар? Нега докторларни олиб келиб қўймайсизлар шу жойга? «Частная лавочка»дан (хусусий раста — таҳр.) фарқи йўқ. Ҳеч ким, ҳеч кимни гапирмайди, тамом. Бугун ректорликка номзод дейилса, умуман топа олмайсизлар, муносиб проректор қўйилмаган», — дея таъкидлади вазир.

Молия ва иқтисодий ишлар бўйича проректор Маҳаммадали Аҳмедовни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш масаласи бўйича топшириқ берилди.

Вазир институтнинг хўжалик-молиявий аҳволини қайтадан кўриб чиқиш, қурилиш танловлари (тендер) қандай ўтганини текшириш бўйича вазифа қўйди. Унинг айтишича, «КРУ унчалик эътибор қилмаяпти, Ҳисоб палатаси аяб турибди».