2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.

Бу президент томонидан 9 февраль куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонда белгиланган.

Туристик йиғим меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари томонидан ҳар бир яшаган кун учун олинади. Ҳозир уни фақат хориж фуқаролари тўлайди.

Йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Туристик йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Spot маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун туристик йиғим жорий қилиниши ўтган йилнинг охирида айтилган. Ўшанда йиғимни БҲМнинг 0,5% миқдорида белгилаш режалаштирилган эди (БҲМнинг ҳозирги миқдорида — 245 минг сўм — бу 1225 сўмни ташкил этади).