Қирғизистонда қоғоз ҳужжатлар камайтирилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб юрмаслик мумкин бўлади. Мамлакат президенти Содир Жапаров бу ҳақда тегишли фармонни имзолади.

Унга кўра, 1 мартга қадар мамлакат ҳукумати давлат идоралари томонидан қоғоз шаклидаги ҳужжатларни сўраш амалиётига чек қўяди. Барча маълумотлар электрон тарзда олинади.

Бундан ташқари, ҳукумат 1 майга қадар ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспортни рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномаларнинг электрон шаклини жорий қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади.

Демак, Қирғизистон фуқаролари ушбу масалалар ҳал қилингач, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзлари билан олиб юришлари шарт бўлмайди.

Маълумот учун, февраль ойида Қозоғистонда ҳайдовчиларга гувоҳнома ва «техпаспортлар» ни олиб юрмаслик ҳуқуқи берилган эди.