Жанубий Кореянинг Hanshin Engineering & Construction компанияси Ўзбекистонда учта инвестицион лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Дунё.

Kokand City

Ҳозирда Қўқон шаҳрида 34 гектар майдонда жойлашган кўп хонадонли Kokand city турар-жой мажмуаларини қуриш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ноябрь ойида Hanshin Engineering & Construction компаниясининг делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрди. У ерда ички уй-жой бозоридаги вазият батафсил ўрганилиб, қурилиш материаллари етказиб берувчилари, лойиҳалаш институтлари билан учрашувлар ўтказилди, шунингдек, лойиҳа учун ажратилган майдон кўздан кечирилди.

Лойиҳа институти

Шунингдек, компания «Кишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ, «Тошуйжойлити» АЖ ва «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ негизида «МДҲ маконида ноёб бўлиб қоладиган» қўшма лойиҳа институтини яратишни режалаштирмоқда. Энди томонлар ушбу учта лойиҳа ва тадқиқот институтларининг фаолият кўлами, асосий молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида фикр алмашмоқдалар. Hanshin Engineering & Construction лойиҳа институтларида давлат улушини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқади.

Гольф комплекси

Жанубий Корея компанияси 800 млн долларга Самарқанд вилоятида халқаро тоифадаги гольф мажмуасини барпо этишни режалаштирмоқда. Лойиҳани 270 гектар майдонда амалга ошириш кўзда тутилган, шундан гольф майдони ва ташриф буюрувчилар учун турар жой бинолари 194 гектарни, халқаро мактаб 6 гектарни, савдо-кўнгилочар ва кўргазма мажмуаси 7 гектарни, замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаси — 55 гектарни ва унга қўшни бошқа инфратузилмалар эгалламоқда.

Лойиҳанинг концепцияси 2019 йил ноябрь ойида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этилди. Hanshin Engineering & Construction қурилиш ишларини бошлаш учун жавобни кутмоқда.

Учала лойиҳани ҳам тўғридан-тўғри инвестициялар эвазига амалга ошириш режалаштирилган. 12−19 февраль кунлари компания бош ижрочи директори бошчилигидаги делегация Ўзбекистон билан музокараларни давом эттириши кутилмоқда.

2019 йил июль ойида «Газета.uz» сузиш ҳавзалари, сунъий ороллар, ресторанлар, меҳмонхоналар ва конгресслар марказини ўз ичига олган Самарқанддаги эшкак эшиш каналида сайёҳлик маркази қурилиши режалаштирилгани ҳақида ёзган эди.