Росстат 8 февраль куни Россияда 2020 йилги ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Уларга кўра, мамлакатда апрелдан 31 декабргача ўлим кўрсаткичи ҳаддан ташқари юқори бўлиб, 358 минг 257 кишини ташкил этди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Аввалроқ, Россия бош вазирининг ўринбосари 2020 йилда юқори ўлим даражаси 81% коронавирус билан боғлиқлигини таъкидлаб, қолган 19% ҳақида аниқлик киритмаган эди. Айни пайтда, Москва Соғлиқни сақлаш бошқармасининг батафсил маълумотларига кўра, 98−100% «ортиқча ўлимлар» вирус билан боғлиқ.

Агар барча ортиқча ўлимлар эпидемия туфайли содир бўлган деб ҳисобланса, 2020 йилда коронавирусдан ўлим ҳуқумат томонидан расмий равишда берилган маълумотдаги 57 мингдан 6,3 баравар кўп бўлган дея тахмин қилмоқда Meduza нашри.

Нашрнинг бу фарази тўғри бўлса, 2020 йилда коронавирус қурбонлари сони бўйича Россия (АҚШдан кейин) иккинчи ўринни эгаллади ва аҳоли жон бошига энг кўп зарар кўрган бешталикка кирди. Февраль ойининг бошига келиб, эҳтимол 100 минг аҳолига тўғри келадиган ўлим сони бўйича Россия дунёда биринчи ўринни эгаллади, дейилади хабарда.

«Газета.uz» нинг ҳисоблашига кўра, 2015−2019 йилларда Ўзбекистонда ўртача ўлим даражаси йилига 155 минг 406 кишини ташкил этганлигини инобатга олганда, ўлимнинг ортиқча даражаси 2020 йилда 20 минг 231 (175 637 минус 155,406) ни ташкил этганлиги кўриш мумкин.