Тошкент шаҳридаги 295-мактабда Ўзбекистон бўйлаб мактаб ва университетларда дарс берадиган, АҚШдан ташриф буюрган 27 нафар инглиз тили ўқитувчи ва олимлардан иборат янги келган гуруҳ кутиб олинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар бермоқда.

Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.

Январь ойида келган ва икки ҳафталик карантин даврини тамомлаган гуруҳ коронавирус пандемияси бошланганидан буён Марказий Осиёга ташриф буюрган АҚШ алмашинув иштирокчиларининг биринчи гуруҳи эканлиги қайд этилди.

«Ҳар бирингиз мамлакат бўйлаб синфхоналарда ва таълим муассасаларида муҳим аҳамиятга молик ишларга пойдевор бўлиб хизмат қиласиз. Инглиз тилида сўзлашувчи мутахассис сифатида сизлар ҳукуматларимизнинг инглиз тилида равон сўзлашувчи битирувчиларни кўпайтириш ва Ўзбекистон ёшларининг таълимга оид ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун биргаликдаги мақсадларимизга катта ҳисса қўшасиз» , — деди элчи Розенблюм ўз нутқида.

«Ўзбекистон Президенти ўзининг Парламентга қилган мурожаатида чет тилларини ўрганишни бу йилги устувор вазифалардан бири, дея таъкидлади. Шу боис жойларда инглиз тилини ўргатишни янада яхшилашга кўмаклашиши учун биз АҚШдан мутахассисларни таклиф этдик. Бу бизга юқори мақсадларга эга „English Speaking Nation“ лойиҳамизни амалга оширишда яқиндан ёрдам беради», — деди Халқ таълими вазири.

Маълум қилинишича, ўқитувчиларнинг аксари маҳаллий ўқитувчилар даврасига қўшилиб, синфхоналардаги дарсларда бевосита иштирок этади. Гуруҳдаги етти киши эса «English Speaking Nation» дастури доирасидаги «Мураббий-тренерлар» номли пилот лойиҳада қатнашади. Унинг мақсади Ўзбекистон ўрта мактабларидаги чет тили ўқитувчиларига касбий ривожланиш ва малака оширишда амалий ёрдам беришдан иборат. Ушбу дастурни АҚШ элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими гранти асосида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Америка кенгашлари амалга оширади.

Чоршанба куни АҚШлик ўқитувчилар ўз фаолиятларини бошлайдилар.