БAA 2022 йилда уч жаҳон дини ибодатхонасини очади

2022 йилда БAAда «Иброҳимнинг оиласи уйи» деб номланган учта «Иброҳим динига» оид ибодатхона очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда БААнинг Москвадаги элчиси Муҳаммад Aҳмад ал-Жабер айтиб ўтди. «2022 йилда Aбу Даби учта жаҳон дини, яъни ислом, христианлик ва яҳудийликни ичига олган „Иброҳимнинг оиласи уйи“ номланган ибодатхонасини очишни режалаштирмоқда», — деди у. «Ибодатхона барча дин ва эътиқоддаги одамлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга қаратилган таълим, мулоқот ва ибодат жойига айланади», — деб қўшимча қилди Жабер. — ТАСС.

ЖССТ COVID-19 «лабораториядан» келиб чиқишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) миссияси мутахассислари COVID-19 коронавирусининг лабораторияда келиб чиқиши эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблашади. Бу ҳақда ЖССТнинг зооноз инфекциялари (ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар) ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутахассиси Бен Эмбарек маълум қилди. «Лабораториядан келиб чиқган гипотеза жуда эҳтимолдан йироқ… Ва бу вирус манбасини қидиришда қўшимча ўрганишни талаб қиладиган гипотеза эмас», — деди у Хитойдаги миссиядан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида. Бен Эмбарек, шунингдек, дастлаб COVID-19 кўршапалаклар ичида тарқалишни бошлаганини, аммо касаллик Уханга ҳайвонлар орқали тарқалгани эҳтимоли жуда пастлигини таъкидлади. Ҳозирда мутахассислар коронавирус ривожланиши ва кейинчалик одамга юқиши мумкин бўлган бошқа ҳайвон турларини ўрганмоқдалар. — Газета.uz

Саудия Aрабистони қонун ислоҳотини эълон қилди

Саудия Aрабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Қироллик бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммад бин Салмон бин Aбдул Aзиз Aл-Сауд 8 февраль куни қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида у ислоҳ қилинишини эълон қилди. Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига кўра, қироллик «ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, адолат ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш» мақсадида қонунларни ўзгартириш ва такомиллаштириш орқали қонунчилик тизими ислоҳ қилинади. Ишлаб чиқилаётган тўртта меъёрий ҳужжатлар орасида «Шахсий ҳолат тўғрисида», «Фуқаролик битимлари тўғрисида», «Далиллар тўғрисида» ва Жиноят кодекси мавжуд, деди у. Қонун лойиҳалари, валиаҳд шаҳзоданинг сўзларига кўра, аввал ҳукуматга, сўнгра маслаҳат кенгашига (қонун чиқарувчи орган) кўриб чиқилиши учун тақдим этилади. Қонунларни жорий йилда қабул қилиш режалаштирилган. «Ушбу қонунчилик меъёрларининг йўқлиги суд қарорларида номувофиқликларга, ҳодисалар ва амалиётни тартибга солувчи ноаниқ қоидаларга олиб келди, бу эса суд жараёни вақтини узайтирди… Аввалги суд кодекси жамият эҳтиёжларига умуман жавоб бермайди», — дея тушунтирди у. Мамлакат адлия вазирининг таъкидлашича, янги қонунчилик никоҳ шартномаларидаги аёлларнинг хоҳиш-иродаси мустаҳкамланишига аниқлик киритади. Бундан ташқари, шахсий ҳолат тўғрисидаги янги қонунда никоҳ ёшининг энг кам ёши белгиланади, боланинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи моддалар қўшилади. — Al Arabiya.

2020 йилда Хитойда туғилишлар сони 30 фоига камайди

2020 йилда Хитойда туғилиш даражаси ўтган йилга нисбатан 30 фоизга камайди. «2020 йилда жамоат хавфсизлиги органлари томонидан доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган янги туғилган чақалоқларнинг сони 10,035 млн кишини ташкил қилди, шундан 5,29 млни ёки 52,7 фоизини ўғил болалар, 4,74 млни ёки 47,3 фоизини қиз гўдаклар ташкил этади», — дейилади вазирликнинг ҳисоботида. Миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, Хитойда 2019 йилда 14,65 млн, 2018 йилда 15,23 млн, 2017 йилда 17,23 млн ва 2016 йилда 17,86 млн бола туғилган. 2020 йилда янги туғилганлар сони 30 фоизга кам бўлган. — Интерфакс.

Биткоин нархи 48 минг долларга етди

Сўнгги уч ой ичида криптовалюта нархи уч баравардан ошди. Тошкент вақти билан соат 12:00 атрофида Биткоин нархи 48,200 долларни ташкил этди, бу аввалги савдолар ёпилишидаги даражадан 6,9 фоизга юқори. Tesla 8 февраль куни биткоинларга 1,5 млрд доллар миқдорида сармоя киритганини эълон қилган. Шунингдек, компания яқин келажакда криптовалютани электр транспорт воситалари ва бошқа маҳсулотлар учун тўлаш усули сифатида қабул қилишни бошлаш ниятида эканлигини айтди. — CoinDesk.