2021 йилги давлат дастуридан иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли давлат сиёсатини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам ўрин олган.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш стратегиясини тасдиқлаш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш бўйича минтақавий стратегия лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун жорий йилнинг 1 сентябрига қадар президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унга давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши белгиланган.

Ҳужжат лойиҳаси Ўзгидромет, Давлат экология қўмитаси, мутасадди вазирликлар томонидан Олий Мажлис палаталари келишуви асосида тайёрланади.