Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат қилди.

Россия Федерацияси Таълим ва илм-фан вазирининг буйруғи билан 8 февралдан бошлаб ОТМларда кундузги ўқиш жараёни бошлаш кўзда тутилган.

Маълумотга кўра, Россияга қайтиш мақсадида ўзбекистонлик талабаларнинг турли сохта ҳужжатлар, шу жумладан, чегарани кесиб ўтишда ёрдам бериш учун Россия ОТМлари номидан сохта таклиф хатлари тайёрлашга ихтисослашган шубҳали шахсларга мурожаат қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Хабарда келтирилишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондан Россияга чартер рейсига талабалар рўйхати тузилаётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда. Бироқ бу Россия ҳукуматининг «Россия Федерациясига хорижий фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар киришини вақтинча чеклаш ҳамда визалар ва таклифларни расмийлаштиришни вақтинча тўхтатиш ҳақида"ги қарори талабларига зид.

«Ҳозирги вақтда Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Россия Федерацияси ҳудудига тўсқинликларсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар таснифига кирмайди», — дея таъкидлайди ТИВ.

Вазирлик элчихона расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боришни сўраган.