Нукусда Granit Montaj Stroy қурилиш компанияси томонидан Nukus city марказидаги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича имзоланган шартнома доирасида жами 246,1 млн сўмлик бюджет маблағларининг талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда «Granit Montaj Stroy» МЧЖ томонидан Нукус шаҳри, А.Шамуратова кўчаси автомобиль йўлининг асфалть қопламасини қайта тиклаш ва Нукус шаҳрида жойлашган «Nukus city» марказидаги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича 2020 йилнинг 18 сентябрь санасида қиймати 3 млрд 567,7 млн сўмлик пудрат шартномаси тузилган.

Мазкур шартномага асосан «Granit Montaj Stroy» МЧЖ томонидан қиймати 236,5 млн. сўмлик асфалть қопламаси ҳамда қиймати 9,6 млн. сўмлик сув тармоқларини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлишига қарамасдан, бажарилганлиги ҳақида расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилиб, жами 246,1 млн. сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда «Granit Montaj Stroy» МЧЖ мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда мазкур жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.