Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатида музлик кўчиши содир бўлди: 14 кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланди, 6 киши жароҳатланган бўлса, 170 нафарга яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.

Улкан муз уюми тоғли Ҳимолайдан Алакнанда дарёсига кўчиб тушган ва сув тошқинини келтириб чиқарган. Тошқин зарбаси NTPC ва Риши Ганга гидроэлектрстанциялари қурилаётган жойга қадар етиб келган, дея хабар бермоқда РИА Новости.

Сув тошқини муносабати билан Уттаракханда ҳукумати дарёнинг гидроэлектрстанциялардан қуйи қисмларида жойлашган қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилди. Шунингдек, Шринагар, Ришикеш ва Харидвар шаҳарларидаги сув омборлари сувлари фавқулодда ҳолатнинг олдини олиш мақсадида қўйиб юборилди.